Япониянинг Гифу префектураси губернатори Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигига ташриф буюрди
2024-07-21 19:00:00 / Вазирлик янгиликлари

Учрашувда томонлар Ўзбекистон ва Япония олийгоҳлари ўртасида мустаҳкам ҳамкорлик ўрнатилганини, бу борадаги алоқаларни янада ривожлантириш лозимлигини қайд этдилар.
Ўзбекистонлик профессор-ўқитувчиларнинг Японияда стажировка ва малака ошириш курсларида мунтазам қатнашиб келмоқдалар. Айни пайтда мамлакатимизнинг 6 та олийгоҳида талабаларга япон тили асосий таълим йўналиши ҳамда биринчи ва иккинчи чет тили сифатида ўқитилмоқда.
"Япония Ҳукуматининг беғараз ёрдами доирасида Инсон ресурсларини ривожлантириш учун стипендиялар ажратиш" (ЖДС) лойиҳаси доирасида 390 киши Японияга юборилди ҳамда 382 нафари магистратура, 8 нафари докторантура Японияда таҳсил олиб қайтишди.
Ўзбекистон–Япония рақамли университетида ҳозирда 535 нафар талаба таҳсил олмоқда. Бундан ташқари, Тошкент давлат техника университетида Ўзбекистон–Япония ёшлар инновацион маркази фаолият юритмоқда.
Учрашувда транспорт, машинасозлик, архитектура ва қурилиш, геология, инновацион технологиялар, металлургия, энергетика, қайта тикланадиган энергия манбалари технологиялари каби жадал саноат ривожланишига ҳисса қўшадиган соҳалар учун юқори малакали кадрлар тайёрлаш бўйича Япония университетлари билан ҳамкорлик ўрнатиш масаласи муҳокама қилинди.
Ўзбекистон ва Японияда мунтазам ўтказиб келинаётган Ўзбекистон ва Япония университетлари ректорлари Форумида Гифу префектурасида фаолият юритаётган университетлар раҳбарларнинг иштирокини таъминлаш орқали ўзаро алоқаларни мустаҳкамланиши таъкидланди.
Шунингдек, қўшма илмий-амалий марказлар ва лабораториялар, муҳандислик мактаблари ва технопарклар, қўшма илмий конференциялар ташкил этиш, Япония университетлари негизида профессор-ўқитувчилар малакасини ошириш масалалари муҳокама қилинди.






