Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг мурожаатлар платформаси орқали “ўқишни кўчириш” бўйича фуқаролардан энг кўп берилаётган саволларга жавобларни эътиборингизга ҳавола этамиз.
2024-07-16 14:05:00 / Вазирлик янгиликлари

1. Ўқишимни вилоятимга кўчираётган эдим. Қайси электрон тизим орқали ўқишни кўчириш учун ариза берсам бўлади?
Республика олий таълим муассасаларига талабалар ўқишини кўчириш, қайта тиклаш бўйича аризалар иккита электрон тизим орқали қабул қилинади. Агар республикамизнинг бир давлат олий таълим муассасасидан бошқасига ёки бир олий таълим муассасаси доирасида ўқишни кўчиришни режалаштираётган бўлсангиз, аризани transfer.edu.uz тизимига юклайсиз.
Агар хорижий ва нодавлат олий таълим муассасаларидан давлат олий таълим муассасаларига ўқишни кўчириш истагида бўлсангиз, my.uzbmb.uz сайти орқали ариза топширилади
2. Ўқишни кўчириш учун қандай ҳужжатлар тайёрлашим керак?
Ўқишни кўчириш турига қараб қуйидаги ҳужжатлар илова қилиниши керак бўлади.
Агар transfer.edu.uz сайти орқали ариза топшираётган бўлсангиз, транскрипт рейтинг дафтарчаси ёки академик маълумотнома (JPG ёки PDF шакли) ва иккита узрли сабабдан бирини асословчи ҳужжат.
my.uzbmb.uz сайти орқали мурожаат қилинганда, транскрипт рейтинг дафтарчаси ёки академик маълумотнома (ЖПГ ёки PDF шакли) тақдим этилади.
Алоҳида таъкидлаш лозимки, сўнгги йилларда олий таълимдаги рақамлаштириш натижасида онлайн ҳужжат топшириш платформаларида шахсни тасдиқловчи ҳужжат талаб этилмайди. Барча маълумотлар OneID тизими орқали автоматлашган ҳолда шаклланади.
3. Яқинда турмуш қурганман, турмуш ўртоғим вилоятда яшайди. Шу сабабли ўқишимни вилоятимга кўчирсам бўладими?
Давлат олий таълим муассасасининг биридан бошқасига талабалар ўқишини кўчиришга фақатгина икки ҳолатда рухсат берилади.
Биринчиси, бу талаба оила қуриши муносабати билан турмуш ўртоғи доимий яшайдиган ҳудуддаги олий таълим муассасасига ўқишини кўчириш учун мурожаат қилганда.
Иккинчиси, эса давлат органларининг ходимлари иш жойи ўзгарган тақдирда унинг турмуш ўртоғи ёки вояга етмаган фарзанди ўқишини кўчириш учун мурожаат қилганда. Бунда тегишли вазирлик ёки идора раҳбарининг тавсияси талаб этилади.
Демак, бир вилоятдан иккинчисига кўчиришнинг 2 та узрли сабабларидан бири сизга мос келади. Шу боис сиз турмуш ўртоғингиз доимий яшайдиган ҳудуддаги олий таълим муассасасига кўчириш учун белгиланган муддатларда мурожаат қилишингиз мумкин.
4. 2 йилдан бери Қозоғистонда таҳсил оламан. Ўқишимни Ўзбекистонга кўчирсам бўладими?
Амалдаги тартибга мувофиқ, хорижий мамлакатларда фаолият юритаётган олий таълим ташкилотларидан давлат олий таълим муассасаларига талабалар ўқишни кўчириш учун фақат мос ва турдош таълим йўналишларига ҳужжат топширади ҳамда махсус синов имтиҳонида иштирок этиб, ўтиш балини тўплаш талаб этилади. Бунда
1) талабадан алоҳида иқтидор талаб этиладиган таълим йўналишлари бўйича касбий (ижодий) имтиҳонлар, бошқа таълим йўналишлари бўйича тест синовлари ўтказилади.
2) тест синовлари ва касбий (ижодий) имтиҳонлар бўйича ўтиш баллари ҳар йили 15 июлга қадар тизимида олий таълим муассасалари бўлган вазирлик ва идоралар томонидан белгиланиб, Билим ва малакаларни баҳолаш агентлигининг расмий веб-сайтида эълон қилинади;
3) ўтиш балидан паст балл тўплаган талабалар бакалавриатга қабул қилишдаги тартибга мувофиқ табақалаштирилган тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилинади;
4) хориждан мос ва турдош бўлмаган йўналишга ўқишни кўчиришга рухсат берилмайди.
5.Грантда ўқийман ўқишни кўчирганимдан кейин "контракт" bo‘lib кўчмайманми?
Ўқишнинг барча шакллари бўйича олий таълимнинг мос ва турдош йўналишлари ҳамда мос мутахассисликлари бўйича давлат грантлари ўринларига кўчиришга фақат давлат грантлари асосида таҳсил олган талабалар аризасига кўра олий таълим муассасаларида тегишли ўқув йилидаги қабул қилиш квоталарида белгиланган давлат грантларининг сони доирасида рухсат этилади.
Яъни, агар ОТМ йўналишлари учун ажратилган бўш грант ўрни бўлса, таълим муассасасидаги вазиятдан келиб чиқиб, талабага грант асосида ўқишни кўчиришга рухсат берилиши мумкин.
Кўзи ожиз ва ногиронлиги бор талабаларга грант асосида ўқишни кўчиришга рухсат берилади.
6. Талаба хорижий тиллар факультети хорижий тил ва адабиёти (инглиз) йўналишида 1-курсни тамомлади. Шу йўналишда сиртқи таълим мавжуд бўлмагани сабабли у ўқишини бошқа университетнинг инглиз филологияси ёки таржима назарияси йўналишининг сиртқи таълимига кўчирмоқчи. Бунинг имкони борми?
Бунинг имкони йўқ, боиси талабада давлат олий таълим муассасасининг биридан бошқасига талабалар ўқишини кўчириш учун асос бўладиган иккита узрли сабабдан бири бўлиши керак. Бу мурожаатчида келтирилмаган. Бундан ташқари, филология йўналишларида сиртқи таълим мавжуд эмас.
7. Қачондан бошлаб таълим шаклини сиртқига кўчириш учун ариза топширса бўлади? Аризани онлайн топширса бўладими?
Таълим шаклини ўзгартириш юзасидан мурожаатлар transfer.edu.uz сайти орқали 15 июлдан 5 август кунига қадар онлайн қабул қилинади. Бунда талаба таҳсил олаётган йўналиш бўйича ОТМ ички имконияти ва сиртқи таълим шакли мавжуд бўлганда унинг аризаси қаноатлантирилиши мумкин.
Ҳурматли юртдошлар, сўнгги кунларда ушбу мавзуга доир сўралган энг кўп саволларга жавоблар шулардан иборат эди. Сизда ҳам олий ва профессионал таълим саҳосига доир саволлар бўлса, вазирликнинг @eduuzuniversalbot’i орқали ёки вазирлик Мурожаатлар марказининг +998712306464 телефон рақамига мурожаат қилишингиз мумкин.
