Қадрли академик лицей ўқитувчи ва мураббийлари, азиз битирувчилар, ҳурматли ота-оналар!
2024-06-14 09:00:00 / Вазирлик янгиликлари

Сўнгги йилларда Президентимиз томонидан академик лицейларга иқтидорли ёшларни саралаб олиш тизимини ривожлантириш, уларни қўллаб-қувватлаш учун зарур шароитлар яратилмоқда. Улғайиб келаётган ёш авлоднинг илм-фанга бўлган интилишларини рағбатлантириш, интеллектуал ва ижодий салоҳиятини рўёбга чиқариш борасидаги ислоҳотларни тизимли амалга оширилмоқда. Шунингдек академик лицейлар фаолиятини такомиллаштириш бўйича бир қанча қарорлар имзоланди.
Ушбу қарорлар натижасида жумладан қуйидагиларга эришилди:
— академик лицейлар фаолиятига оид барча жараёнлар тўлиқ рақамлаштирилди;
— иқтидорли ўқувчилар учун "Академик лицей ифтихори" ва "Ректор" стипендиялари жорий қилинди;
— ҳар йили битирувчи курс ўқувчилари учун чет тилини билиш даражасини аниқлаш ва малака сертификатини олиш бўйича бепул тест синовларини ўтказиш тизими жорий этилди;
— 14 та ҳудуд бўйича биттадан академик лицейлар халқаро фан (кимё, биология ва физика) олимпиадаларида фойдаланиладиган ўқув лаборатория жиҳозлари билан таъминланди;
— сўнгги уч йилда халқаро фан олимпиадаларида 13 та медаллар қўлга киритилди. Шундан 3 та олтин, 3 та кумуш, 7 та бронза;
— битирувчиларнинг олий таълим муассасаларига ўқишга кириш кўрсаткичи 92 фоизга етди;
— иқтидорли битирувчиларга олтин ва кумуш медаллар бериш тартиби жорий қилиниб, бу йилдан илк маротаба 141 нафар битирувчи олтин, 168 нафари эса кумуш медаль билан тақдирланди.
Азиз битирувчилар!
Барчангизга келгуси ҳаётда улкан ютуқ ва омадлар тилайман. Умид ва ишонч рамзи бўлган диплом ва медалларингиз муборак бўлсин!
Ҳеч шубҳасиз, ўз билим ва истеъдодини Ватанимиз ва халқимизга муносиб фарзанд бўлишдек олижаноб мақсадларга сарфлашга чоғланиб турган Сиздек тиришқоқ ва интилувчан фарзандларимиз – бизнинг ишончимиз ва таянчимиздир.
Ҳеч қачон унутманг, келажакда Сизни янада улкан ва масъулиятли марралар кутмоқда. Олдингизга аниқ мақсад қўйиб, бор куч-ғайратингиз, билим ва салоҳиятингиз билан ҳаракат қилсангиз, кўзлаган чўққиларга албатта эришасиз.
Қўнғиротбой Шарипов,
Олий таълим, фан ва инновациялар вазири
