Ўзбекистон билан Жазоир ўртасида олий таълим соҳасида ҳамкорлик кучайтирилади
2024-06-13 18:20:00 / Вазирлик янгиликлари

Вазир Қ.Шарипов Жазоир билан аввал бошланган ишларни давом эттиришга тайёрлигини билдириб, бугунги кунда икки мамлакат олий таълим муассасалари ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларига тўхталди.
– Жазоирнинг олий таълим муассасалари билан ҳамкорликдаги ишлар амалга оширилмоқда, – деди вазир. – Бугунги кунда Ўзбекистоннинг 4 та олий таълим муассаси Жазоир олий таълим муассасалари билан ҳамкорлик ўрнатган. Хусусан, 2022 йилда Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети билан Моҳаммед Хидер номидаги Бискра университети ўртасида Англашув Меморандуми имзоланган. Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг қатор талабалари 2023/2024 ўқув йилида Ал-Вадий университетида 4 ойлик амалиёт ўтаб қайтдилар. Жами 6 та давлат олий таълим муассасасида 4 мингдан ортиқ талаба араб тилини алоҳида таълим йўналиши сифатида асосий ёки иккинчи чет тили сифатида ўрганмоқдалар.
Элчи ўз навбатида вазирга учрашув учун миннатдорлик билдирди. Икки мамлакат олий таълим муассасалари ўртасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш мақсадида Ўзбекистон ва Жазоирнинг олий таълим учун масъул вазирликлари ўртасида тегишли ҳужжат имзолаш таклифини билдирди.
Қ.Шарипов ўз ўрнида Жазоир олий таълим вазирлиги билан Англашув меморандумини имзолаш ва унга қуйидаги соҳаларда ҳамкорлик ўрнатиш таклифини биллдирди:
Жазоирнинг университетларида ўзбекистонлик талабалар учун квоталар ажратиш, Жазоир ва Ўзбекистон ОТМлари билан устувор йўналишлар бўйича илмий йуналишларда ҳамкорлик ўрнатиш;
Ўзбекистон билан Жазоир ўртасида ҳам қўшма илмий лойиҳалар танловини ташкил этишни ва унда ғолиб бўладиган илмий лойиҳаларни биргаликда молиялаштириш;
Ўзбекистон ва Жазоирдаги олий ўқув юртлари илмий жамоатчилик вакиллари ва профессор-ўқитувчиларини режалаштирилган халқаро ва минтақавий илмий конференциялар ва форумларда иштирок этишга ўзаро таклиф этиш амалиётини кенгайтириш. Жазоир томонини Ўзбекистонда режалаштирилган халқаро ва минтақавий илмий конференциялар ҳақида мунтазам равишда хабардор қилиб бориш.
Учрашув якунларига кўра томонлар Англашув меморандуми лойиҳасини тайёрлаб, икки мамлакат масъул органлари томонидан маъқуллаб, имзолашга тайёрлашга келишдилар.















