audio

    12+
    Олийгоҳларнинг карера марказлари фаолиятини такомиллаштириш бўйича Туркия билан ҳамкорлик қилинади

    Ўзбекистон Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов Туркия Республикаси Президенти ҳузуридаги Инсон ресурслари идораси раҳбари Салим Атай билан учрашув ўтказди.

    Мулоқот давомида томонлар Ўзбекистон Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамда Туркия Инсон ресурслари идораси ўртасида олий таълим муассасаларининг карера марказлари фаолиятини такомиллаштириш бўйича ўзаро ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш масаласи юзасидан музокара олиб бордилар.

    Шунингдек, Салим Атай Инсон ресурслари идораси томонидан ишлаб чиқилган олийгоҳлар битирувчиларини иш билан таъминлашга қаратилган платформа хусусида тўхталиб, унинг қулайликлари ва аҳамияти ҳақида сўз юритди. 

    Сўнг Туркиянинг Юнус Эмре институти фаолияти билан танишиш мақсадида Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қ.Шарипов мазкур институтга ташриф буюрди.  

    Юнус Эмре институтининг янги тайинланган раҳбари Абдураҳмон Алий билан икки томонлама учрашув бўлиб ўтди.
     
    Учрашув аввалида Қўнғиротбой Шарипов Абдураҳмон Алийни янги лавозимга тайинлангани билан табриклаб, ушбу масъулиятли фаолиятига муваффақият тилади. 

    Абдураҳмон Алий Юнус Эмре институти фаолияти ҳамда Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ҳузурида ташкил этилиши режалаштирилган "Юнус Эмре тил ва маданият маркази" ҳамда унинг фаолият йўналишлари ҳақида маълумот берди. 

    Учрашув сўнгида томонлар мазкур учрашув ўзаро ҳамкорлик алоқаларининг янада ривожланишига ва янги истиқболли лойиҳаларни амалга оширилишига кенг имкониятлар яратишини таъкидлаб ўтдилар ҳамда келгусида ушбу ҳамкорлик барча соҳаларда муваффақиятли ва самарали бўлишига ишонч билдирдилар.

    • view_icon 76
    : 2024-06-06 19:53:34