«бмт-аёллар» тузилмасининг ўзбекистондаги фаолияти йўлга қўйилади
2023-03-15 10:00:00 / Вазирлик янгиликлари

Мазкур сессия доирасида вазир ўринбосари «БМТ-аёллар» тузилмаси ижрочи директори ўринбосари Анита Бхатия билан учрашди. Унда Ўзбекистонда гендер тенглик ва хотин-қизлар ҳуқуқларини таъминлаш, уларнинг жамиятдаги мавқеини ошириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларга юқори баҳо берилди.
БМТ вакили 2030 йилга қадар Ўзбекистон Республикасида гендер тенгликка эришиш стратегияси ҳамда 2022-2026 йилларда хотин-қизларнинг мамлакат иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий ҳаётининг барча жабҳаларида фаоллигини ошириш бўйича миллий дастурни амалга ошириш бўйича ташкилотнинг техник ва молиявий кўмагини жалб этишда ҳар томонлама ёрдам беришга тайёрлигини билдирди. Жумладан, аёлларни тадбиркорлик фаолиятга кенг жалб қилиш борасида инновация ва рақамли технология дастурларини ишга тушириш юзасидан ҳамкорликка оид аниқ лойиҳалар ишлаб чиқлади ва амалга оширилади.
Учрашув натижасига кўра жорий апрель ойидан бошлаб «БМТ-аёллар» тузилмасининг Ўзбекистондаги фаолияти ва лойиҳаларини амалга оширишга масъул менежер лавозимини жорий этиш бўйича аниқ келишувга эришилди.
Шунингдек, сессия доирасида яна бир қатор хорижий делегациялар билан икки томонлама учрашувлар ўтказилиб, бир қатор келишувларга эришилди. Хусусан, Қирғизистон олий таълим вазири ўринбосари билан учрашувда олий таълим ва инновацион фаолият соҳасидаги ҳамкорликнинг амалий механизмлари муҳокама қилинди ва жорий йилда Қирғизистоннинг аёл-қиз талабалари билан боғлиқ стартап ва инновацион лойиҳалар учун махсус лойиҳа ташкил этишга келишиб олинди.
Манба: Ахборот хизмати
