Вазир ўринбосари Бухородаги олийгоҳларда қурилаётган бинолар ва режалаштирилган лойиҳалар билан танишди
2024-05-29 10:30:00 / Вазирлик янгиликлари
Дастлаб, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирининг ўринбосари Сарвархон Бузрукхонов Бухоро давлат педагогика институтида бўлиб, 400 ўринли талабалар турар жойи биносининг қурилиш ишлари ва институт ҳудудида қурилиши режалаштирилган биноларнинг лойиҳалари билан яқиндан танишди. Вазир ўринбосари томонидан қурилиш, таъмирлаш ишларини ўз муддатида, сифатли якунлаш юзасидан кўрсатмалар берилди.

Сўнг Бухоро шаҳрида қурилаётган универсал спорт мажмуасининг янги биноси бориб кўрилди.
Кейинги манзил Бухоро табиий ресурсларни бошқариш институтида ДХШ асосида қурилаётган 400 ўринли талабалар турар жойи бўлди. Ушбу ётоқхона янги ўқув йили бошида фойдаланишга топшириш режалаштирилган. Масъулларга бино атрофида талабалар учун зарур барча шароитлар яратиш бўйича вазифалар топширилди. Шунингдек, институт ҳудудида футбол бўйича барпо этилган футзалда Жаҳон чемпионатида машғулот ўташ учун тайёрлик ҳолати ўрганилди.
Шундан сўнг, Бухоро давлат университети Агрономия ва биотехнология факультети учун қурилаётган 400 ўринли талабалар турар жойи кўздан кечирилди.









