Профессионал таълим тизимига Швейтсариянинг илғор тажрибаси кенг жорий эилади
2024-05-29 10:10:00 / Вазирлик янгиликлари

Дастлаб, томонлар профессионал таълим соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида тўхталиб, тизимни комплекс ривожлантириш борасида фикр алмашишди.
Учрашувда элчи Константин Оболенский кейинги йилларда Ўзбекистонда олиб борилаётган ислоҳотларни кузатиб бораётгани, бунда таълимдаги ўзгаришлар устувор йўналиш касб этаётганини алоҳида таъкидлади. У Швейцария Ўзбекистон профессионал таълим тизимини комплекс ривожлантиришдаги ҳамкорлик алоқаларини янги босқичга олиб чиқишга тайёр экани, янги форматдаги ҳамкорлик бунга замин бўлишини билдирди.
Вазир Қўнғиротбой Шарипов касбий таълим соҳасидаги Швейцариянинг илғор тажрибасини ўрганиш ҳамда уни Ўзбекистон профессионал таълим тизимига татбиқ этишда Швейцария ҳукумати томонидан молиялаштирилаётган лойиҳалар бевосита мазкур соҳа ривожига катта кўмак эканлигини қайд этди.
Шунингдек, мулоқот давомида биргаликда Ўзбекистонда профессионал таълимни ривожлантириш режасини (стратегиясини) ишлаб чиқиш, Швейцария касбий таълими мутахассисларини жалб қилган ҳолда замонавий методикалар асосида педагоглар тайёрлаш ва ўқитувчилар малакасини ошириш, дуал таълимни жорий этиш каби масалалар кўриб чиқилди.
Элчи Ўзбекистон профессионал таълим тизимининг жозибадорлигини ошириш, хусусан, инклюзив ва дуал таълимни жорий этиш, таълим сифатини таъминлаш, хусусий сектор ҳамкорлигида ўрта бўғин кадрларни тайёрлаш юзасидан Швейцариянинг илғор тажрибасини бўлишишга тайёр эканини таъкидлади.
Учрашув якунида томонлар профессионал таълим тизимини ривожлантириш ҳамда қўллаб-қувватлаш борасидаги ҳамкорликни янада ривожлантиришга келишиб олдилар.






