Вазир Болалар форуми доирасида ташкил этилган "Раҳбар ва болалар" учрашувида қатнашди
2024-05-23 18:30:00 / Вазирлик янгиликлари

Унда Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов, Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили, Болалар омбудсмани Сурайё Раҳмонова иштирок этди.
Қайд этилганидек, форумнинг асосий ғояси болаларни Ватанга содиқ фарзанд этиб тарбиялаш, уларнинг ҳуқуқ-манфаатларини ифода этиш ва ҳимоя қилиш, истеъдод ҳамда қобилятларини намоён этишдан иборат.
Тадбирга сўзга чиққан Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов ёшларга кейинги йилларда таълим соҳасидаги янгиликлар, ижобий ўзгаришлар, шунингдек, мактаб давридаги қизиқарли воқелар ҳақида сўзлаб берди. Шунингдек, бугунги ҳар қандай ислоҳотда ёшларнинг алоҳида ўрни борлиги ва соҳадаги ўзгаришларда уларнинг ғоялари, амалга ошираётган ишлари билан яқиндан танишиш муҳимлиги таъкидланди.
– Бугун сиз қадрли ёшлар билан учрашиб турганимдан бағоятда хурсандман, – деди вазир. – Албатта, сизларнинг фикрингиз, илм-фанда эришаётган ютуқларингизни юзма-юз туриб эшитиш мен учун катта шараф. Бизнинг асосий мақсадимиз соҳадаги ҳар бир ислоҳотимизда сиз ёшларнинг фаоллигингизни кўриш. Бунинг учун сизлардан ўз меҳнат фаолиятингизга меҳр қўйиш, яхши ўқиш ва янги ғоялар устида тадқиқотлар олиб бориш талаб этилади. Биз доимо сизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга тайёрмиз.
Самимий суҳбат давомида ёшлар вазирга ўзларининг қизиқтирган саволларини бериб, унга батафсил жавоб олдилар.
Бир нечта ёшлар Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ва ҳузуридаги Инновацион ривожланиш агентлиги фаолияти билан яқиндан танишиш ниятида эканини айтиб, шу имкониятни яратиб беришни сўрадилар. Уларга вазирлик ва агентлик фаолияти билан танишиш учун барча зарур шароитлар яратилиши билдирилди.








