Таниқли стоматолог олимлар Pierre Fauchard академиясига қабул қилинди
2024-05-23 17:00:00 / Вазирлик янгиликлари

Тадбирни Истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш “Улуғбек” жамғармаси раиси, академик Оқил Салимов очиб бериб, академияга қабул қилинаётган профессор-ўқитувчиларни табриклади. Унда шунингдек Pierre Fauchard академияси президенти Панкаж Пател, собиқ президенти Армил Банез, Осиё бўйича раиси Мирна Банез қатнашди.
Pierre Fauchard академияси президенти Доктор Панкаж Пател ушбу таниқли профессорлар Академиянинг ҳурматли аъзолари сафига қўшилганидан хурсандлигини эътироф этар экан, уларнинг халқаро алоқаларни янада бойитиш, ҳамкорлик ва билим алмашиш имкониятларини кенгайтиришига ишончини билдирди.
Ўзбекистонлик профессор-ўқитувчиларнинг академияга қабул қилиниши академиянинг халқаро алоқаларини мустаҳкамлаш ва стоматология ҳамжамиятидаги ажойиб истеъдодларни кашф қилишга содиқлигини яна бир бор кўрсатади. Стоматологиянинг турли соҳаларини қамраб олган ушбу таниқли шахслар Академияга бой билим, инновациялар ва маданий хилма-хилликни олиб келади, академиянинг турли давлатлардаги аъзолари билан илмий ва таълим соҳасида алоқалар ўрнатиши ва соҳанинг янада ривожланишига ўз ҳиссаларини қўшади.
Доктор Pierre Fauchard (Пьер Фошар) номи билан аталадиган академия штаб квартираси АҚШда жойлашган бўлиб, бутун дунё бўйлаб стоматология соҳасидаги ютуқларни тан олиш ва тарғиб қилиш билан шуғулланади. Академияга 1936 йилда миннесоталик стоматолог доктор Elmer S. Best томонидан асос солинган. Мазкур академияга дунёнинг турли мамлакатларидан стоматолог мутахассислар, олимлар аъзо бўлиб, улар асосан стоматология соҳасига қўшаётган ҳиссасини инобатга олган ҳолда аъзоликка қабул қилинадилар. Ҳозирги кунда Академиянинг 142 та давлатда фаолият юритаётган 11 мингдан ортиқ аъзолари мавжуд. Академия стоматология соҳасини ривожлантириш бўйича, олий таълим муассасаси талабалари учун турли грантлар ҳам эълон қилиб боради.
Тадбир давомида мазкур академиянинг Ўзбекистон бўлими раиси Бахтинур Худанов “Стоматология илм-фанига қўшаётган ҳиссаси учун” (For outstanding contribution to the art and science of Dentistry) мукофоти билан тақдирланди.




