“Мирзо Улуғбек ворислари” танлови республика босқичининг барча иштирокчиси Тошкентдаги Турин политехника университетига имтиҳонсиз, танлов ғолиблари эса 2-курсдан ўқишга қабул қилинади
2024-05-21 10:05:00 / Вазирлик янгиликлари
Тадбирда “Улуғбек” жамғармаси раиси, академик Оқил Салимов, Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов, Ёшлар ишлари агентлиги директори Алишер Саъдуллаев, Тошкентдаги Турин политехника университети ректори Олимжон Тўйчиев иштирок этди.
“Улуғбек” жамғармаси раиси Оқил Салимов кириш сўзи билан очиб, республика босқичга етиб келган ёшларни табриклади ва якуний босқичда ҳам бор иқтидор ҳамда салоҳиятларини кўрсатишга тилак билдирди.
– Ўтган йилги танловда 20 минг нафар ёшлар рўйхатдан ўтган бўлса, бу йил қарийб 48 минг ёш йигит-қизлар танловда иштирок этди. Бу инновацион, интеллектуал танлов ёшлар ўртасида йилдан-йилга оммалашиб, мавқеи янада ортиб бораётганидан дарак, – деди вазир Қўнғиротбой Шарипов.
Сўнг Тошкентдаги Турин политехника университети ректори Олимжон Тўйчиев сўзга чиқиб, танловнинг республика босқичига етиб келган 280 нафар иқтидорли ёшлар Тошкентдаги Турин политехника университетига имтиҳонсиз, танлов ғолиблари эса 2-курсдан ўқишга қабул қилинишини тантанали эълон қилди.
Танлов 16 ёшдан 25 ёшгача бўлган иқтидорли ёшлар, жумладан, олис ҳудудларда истиқомат қилаётган йигит-қизлар, уюшмаган ёшлар, «Меҳрибонлик уйлари» тарбияланувчилари орасидан иқтидорли ёшларни излаб топиш ва уларни ўзлари қизиққан соҳаларга йўналтириш, илмий-техник ижодкорлиги ва ихтирочилигини рағбатлантириш, инновацион фаоллигини ошириш ва қўллаб-қувватлаш мақсадида ҳар йили ўтказиб келинмоқда.
Танловда иштирок этиш мақсадида 47 514 нафар (23 363 нафар ўғил, 24 151 нафар қизлар) ёшлар рўйхатдан ўтиб, уларнинг 9837 нафари IQ тест синовларидан муваффақиятли ўтиб, танловнинг биринчи босқичида иштирок этиш имкониятига эга бўлдилар.
Танловнинг 1-босқичи республикамиздаги 206 та туманлар (шаҳар) кесимида ташкил қилиниб, унда жами 9 796 нафар, 2-босқичи 14 та ҳудудда ташкил қилиниб, унда жами 1003 нафар иқтидорли ёшлар ўз лойиҳаларини комиссия аъзоларига тақдимот қилдилар.
Танловнинг иккинчи босқичида иштирокчилар 16-19 ёш ва 20-25 ёш тоифаларига ажралган ҳолда ўтказилди ҳамда ҳар бир ёш тоифаси учун ғолибларнинг умумий сонидан квота ажратилди. Квоталар ҳар бир ёш тоифасидаги иштирокчиларнинг умумий нисбатидан келиб чиқиб белгиланди.
Танловнинг иккинчи босқичи якунларига кўра 280 нафар (87 нафар 16-19 ёш тоифасида, 193 нафари 20-25 ёш тоифасида, 261 нафар талаба, 19 нафар мактаб ўқувчиси, 2 нафари иш билан банд ёшлар) иқтидорли ёшлар республика босқичи иштирокчисига айланди.
Танловнинг республика босқичи 4 кун давом этади. Унда иштирокчилар 12 та гуруҳга бўлинган ҳолда мусобақа шартларини бажарадилар.
1, 2 ва 3-босқичлар ғолиблари тегишлича базавий ҳисоблаш миқдорининг 5, 10 ва 20 баравари миқдорида бир марталик пул мукофоти ва диплом билан тақдирланади. Республика босқичи ғолиблари “Улуғбек” жамғармаси томонидан ташкил этиладиган мақсадли ўқув курсларида бепул таҳсил олади. Ўқишни муваффақиятли тамомлаган ёшлар ҳудудлар бўйича ишлаб чиқариш ташкилотлари ва тадбиркорлик субъектларига ихтиёрийлик асосида бириктирилади ҳамда «Ёшлар академияси» лойиҳаларига жалб этилади.