Вебстер университети президенти "Олий таълим аълочиси" кўкрак нишони билан тақдирланди
2024-05-20 08:00:00 / Вазирлик янгиликлари
Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов Америка Қўшма Штатларининг Вебстер университети президенти Жулиан Шустер билан учрашди.

Учрашувда Тошкент шаҳридаги Вебстер университети фаолиятни янада такомиллаштириш, таълим ва илмий фаолиятнинг турли йўналишлари бўйича алоқаларни янада мустаҳкамлаш, профессор-ўқитувчилар ва талабалар алмашинувини янада кенгайтириш, қўшма илмий-амалий форумлар ташкил этиш, қўшма илмий тадқиқотларни тизимли йўлга қўйиш масалаларини муҳокама қилдилар.
Томонлар техника ва муҳандислик соҳасидаги фанларни ривожлантиришга ва ушбу соҳаларда кадрлар тайёрлаш билан боғлиқ бўлган ҳамкорликка янада кўпроқ эътибор қаратиш лозимлигини қайд этдилар. Хусусан, энергетика ва муқобил энергия манбалари, ахборот технологиялари, машинасозлик, архитектура ва қурилиш, кимё саноати технологиялари, қишлоқ хўжалиги, тиббиёт ва фармацевтика каби тармоқларга кадрлар тайёрлашда янги босқичга ўтиш масаласи муҳокама қилинди. Математика, физика, кимё, биология ва геология фанларини ўқитишнинг энг сўнгги методикаларини жорий этилиши орқали талабаларга янги билимларни самарали етказиш муҳим эканига алоҳида урғу берилди.
Таъкидлаш жоизки, Тошкент шаҳридаги Вебстер университети фаолиятининг илк даврида дастлаб 300 нафар талаба қабул қилган бўлса, бугунги кунда 4300 нафар талаба таҳсил олмоқда. Учрашувда талабалар сонини босқичма-босқич ошириб бориш, талабалар контингенти орасида МДҲ ва Марказий Осиё давлатлари фуқаролари сонини ошириш лозимлиги ҳам таъкидланди.
Учрашув сўнгида вазир Қ. Шарипов Вебстер университети президенти Жулиан Шустерни "Олий таълим аълочиси" кўкрак нишони билан тақдирлади.




