Истанбул тижорат университети билан ёш олимларни қисқа муддатли илмий стажировкаларга юбориш бўйича ҳамкорлик амалга оширилади
2024-05-17 20:15:00 / Вазирлик янгиликлари

Мазкур делегация таркибида Илм-фанни молиялаштириш ва инновацияларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ижро этувчи директори Жонибек Тавакалов ҳамда Тошкент Иқтисодиёт университети ректори Тўлқин Тешабоев халқаро симпозиум очилиш маросимида маъруза қилишди. Хусусан, Ж.Тавакалов сўнги йилларда илм-фан ва инновациялар соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида маълумот берди.
Мазкур симпозиум бир қатор хорижий ҳамда ўзбек олий таълим муассасалари, хусусан, Тошкент давлат иқтисодиёт университети, Бухоро давлат университети, Гулистон давлат университети, Термиз давлат университети билан ҳамкорликда ўтказилмоқда. Бу йилги симпозиум "Янги технологиялар-ахборот технологиялари-сунъий интеллект" мавзусида бўлиб ўтди. ISALAJ халқаро симпозиуми Баликесир университети томонидан 2021 йилдан бери ҳар йили ташкиллаштирилади. Унда Европа ва МДҲ давлатлари олий таълим муассасалари академик ҳамда профессор ўқитувчилари иштирок этишади.
Симпозиум доирасида Илм-фанни молиялаштириш ва инновацияларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳамда Истанбул тижорат университети ўртасида ёш олимларни қисқа муддатли илмий стажировкаларга юбориш ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича англашув меморандуми имзоланди.




