СамДТУнинг 2 та йўналиши дипломи халқаро даражада тан олинадиган бўлди
2024-05-17 17:15:00 / Вазирлик янгиликлари

Жорий йилнинг апрель ойида "ЭCАҚА" (Таълим ва соғлиқни сақлаш соҳасида аккредитация ва сифатни таъминлаш бўйича Евросиё маркази) мустақил аккредитация ва рейтинг агентлиги ташқи эксперт комиссияси томонидан Самарқанд давлат тиббиёт университетининг таълим фаолияти сифатини жаҳон стандартлари ва мезонларига мувофиқлигини таҳлилдан ўтказилди.
Баҳолаш натижаларига кўра "Даволаш иши" (ўзбек, рус ва инглиз тилларидаги таълим) ҳамда "Стоматология" таълим дастурлари 5 йил муддатга тўлиқ аккредитация қилинди.
Аккредитация сертификати айни кунларда Самарқанд давлат тиббиёт университетида бўлиб ўтаётган "Фундаментал, амалий тиббиёт ва фармация ютуқлари" мавзусида талабалар ва ёш олимларнинг 78-халқаро илмий-амалий конференцияси доирасида Қозоғистоннинг Самарқанд шаҳридаги консули Абзал Нурашов томонидан ректор Жасур Ризаевга тантанали равшда топширилди.
Таъкидлаш жоиз, халқаро аккредитациядан ўтганлик тўғрисидаги гувоҳнома таълим ва хизматларнинг сифати, уларнинг халқаро талабларга мувофиқлиги кафолатларини тасдиқлайди ва ушбу дастурлар бўйича олий таълим тўғрисидаги диплом бутун дунёда тан олинади.






