Самарқандда Осиё хотин-қизлари форуми ўтказилмода
2024-05-13 15:50:00 / Вазирлик янгиликлари

Форумдан кўзланган мақсад — минтақада хотин-қизларнинг имконият ва салоҳиятини рўёбга чиқариш масалаларини муҳокама қилиш, уларнинг иқтисодиётдаги иштирокини янада кенгайтириш, давлат ва жамият бошқарувида хотин-қизларнинг ролини мустаҳкамлаш масалаларида тажриба алмашиш учун ўзига хос мулоқот майдонини яратишдан иборат.
Унда таъкидланганидек, бугунги кунда Ўзбекистондаги олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган 1,300 млн талабанинг 653 мингдан зиёдини (50,4 фоизни) хотин-қизлар ташкил этмоқда. Бу ўз навбатида, 2017-йилги кўрсаткичдан 12 фоизга ошган. Магистратура босқичида ўқишини давом эттираётган талаба-қизлар сони 14 мингдан ошиб, жами талабалар сонига нисбатан 60 фоизни ташкил этади.
2020-йилдан бошлаб эҳтиёжманд оилалар фарзанди бўлган хотин-қизларни давлат гранти (1000 та квота) асосида олий таълим муассасаларга қабул қилиш тизими жорий этилди. 2021-йилдан эса мазкур грант ўринлари сони икки бараварга оширилди ва 2 мингтага етказилди. Натижада мазкур имтиёз асосида 2020-2023-йиллар давомида 7 мингга яқин хотин-қизлар давлат гранти асосида олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилинди.
2022-йилдан бошлаб давлат олий таълим муассасаларининг магистратура босқичида ўқиётган барча хотин-қизларнинг контракт тўловлари қоплаб берилиши ва бунга ҳар йили камида Давлат бюджетидан 200 млрд сўм ажратилиши белгиланди.
2022-2023 ўқув йилида магистратурада ўқиётган 14 300 нафардан зиёд талаба қизларнинг 190 млрд сўмдан ортиқ контракт тўловлари тўлаб берилди.
Ҳозирда магистратура йўналишида ўқиётган талаба қизлар сони 17122 нафарни ташкил этиб, умумий талабалар сонининг 56,0 фоизини ташкил қилмоқда.
Мутахассислиги бўйича камида 5 йил меҳнат стажига эга, лекин олий маълумотга эга бўлмаган 500 нафар хотин-қизни ҳар йили олий таълим муассасасига умумий квотадан ташқари алоҳида тест синовлари натижаларига мувофиқ ўқишга қабул қилиш тизими жорий этилди. Натижада 2022-2023-йилларда минг нафарга яқин хотин-қизлар тўлов-контракт асосида олийгоҳга ўқишга қабул қилинди.
Олий таълим муассасалари, техникум ва коллежларда сиртқи ва кечки таълимда ўқиётган хотин-қизларнинг контрактларини тўлаш учун 7 йилга фоизсиз кредит бериш тизими жорий этилиб, 181 500 нафардан зиёд талаба хотин-қизларга 2,135 трлн сўмдан ортиқ миқдорида фоизсиз таълим кредити ажратилди.
Докторантура йўналишида хотин-қизлар учун ҳар йили камида 300 тадан мақсадли квота ажратилмоқда.
"Хотин-қизларнинг иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий ҳуқуқ ҳамда имкониятларини кенгайтириш масалаларига минтақавий ёндашув" мавзусидаги Осиё хотин-қизлари форумининг 1-параллел сессияси "Пекин платформаси +30: бугунги глобал иқтисодиётда хотин-қизларнинг иқтисодий ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш истиқболлари ва бу борадаги таҳдидлар" мавзусига бағишланди. Унга Тошкент давлат шарқшунослик университети ректори Гулчеҳра Рихсиева модераторлик қилди.
Ушбу сессия доирасида тенгсизлик ва янги таҳдидлар кучайиб бораётган ҳозирги вақтда хотин-қизлар ҳуқуқларини тарғиб қилишни давом эттириш усулларини излаш учун хотин-қизларнинг сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий соҳалардаги ҳозирги ҳолати муҳокама қилинди.
Сўзга чиққанлар ҳозирги кунда жаҳон ва Осиё минтақаси аёлларининг глобал иқтисодиётдаги ўрни; минтақадаги хотин-қизларнинг иқтисодий ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш борасидаги мавжуд муаммолар ва истиқболлар; минтақа давлатларида Пекин декларатсияси ва Ҳаракатлар платформасининг қай даражада самарали амалга оширилаётганлиги масалалари батафсил тўхталдилар.





