Венгрия билан “Стипендиум Ҳунгариcум” грант дастурини давом эттириш бўйича меморандум имзоланди
2024-05-07 15:30:00 / Вазирлик янгиликлари

Мулоқотда кўплаб соҳалар қаторида олий таълим йўналишидаги икки томонлама ҳамкорлик изчил мустаҳкамланиб, амалий алоқалар жадал ривожланиб бораётгани ва бунинг учун мустаҳкам ҳуқуқий асос мавжудлиги мамнуният билан қайд этилди.
Вазир Қ.Шарипов Венгрия Ташқи ишлар ва ташқи савдо вазирлиги кўмагида Венгрия томонидан ҳар йили ажратиладиган “Стипендиум Ҳунгариcум” таълим грантлари Ўзбекистон ёшлари ўртасида йилдан-йилга оммалашиб бораётгани ва шу боис ҳозирда таълим грантлари учун энг яхши номзодларни саралашга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлади.
Шунингдек, икки давлат олий таълим муассасалари ректорларининг учинчи форумини Ўзбекистонда ўтказиш таклиф этилди.
Келгусида Ўзбекистон томони университетлар ўртасида қўшма таълим дастурларини йўлга қўйиш, венгриялик мутахассисларни Ўзбекистондаги олий таълим муассасаларига қисқа муддатли маърузалар ўқишга таклиф этиш, шунингдек, Венгрия университетларида ўқитувчилар малакасини ошириш бўйича ҳамкорликни янада кенгайтиришдан манфаатдорлиги таъкидланди.
Ўзбекистон-Венгрия қўшма илмий лойиҳалар танловининг иккинчи босқичини эълон қилишни тезлаштиришга келишилди.
Шундан сўнг Венгрия ҳукуматининг “Стипендиум Ҳунгариcум” таълим грантлари дастури муддатини узайтириш ва дастур доирасида 2024/2026-ўқув йилида бакалавриат, магистратура, докторантура бўйича 170 та таълим гранти тақдим этиш бўйича меморандум имзоланди.
Грантлардан Венгрия университетларида қисқа муддатли курслар учун ҳам фойдаланиш мумкин.



