"МЕИ" миллий тадқиқот университетининг Тошкент шаҳридаги филиали фаолиятини самарали олиб боришга қаратилган йўл харитаси ишлаб чиқилади
2024-05-02 20:10:00 / Вазирлик янгиликлари
Айни кунларда мамлакатимизда бўлиб турган Россия Федерацияси Президентининг Хорижий мамлакатлар билан минтақалараро ва маданий алоқалар бошқармаси бошлиғи Игор Маслов бошчилигидаги делегация аъзолари бугун "МЕИ" миллий тадқиқот университетининг Тошкент шаҳридаги филиали ташриф буюриб, Ўзбекистон олий таълим, фан ва инновациялар вазири ўринбсарлари ҳамроҳлигида муассасада талаба ва профессор-ўқитувчилар учун яратилган шароит ҳамда имкониятлар билан танишдилар.

Дастлаб филиалнинг ўқув хоналари, лабораториялари ва 400 ўринли фаоллар зали кўздан кечирилди. Сўнг илм-фан соҳасини ривожлантириш, қўшма лойиҳаларни кўпайтириш, Россия-Ўзбекистон ректорларининг 4-форумини ўтказиш каби масалалар кўриб чиқилди.
Музокара якунида филиал фаолиятини такомиллаштириш, талабалар иқтидорини юзага чиқаришга қаратилган чора-тадбирлар ҳамда қўшма лойиҳаларни амалга оширишга қаратилган йўл хариталарини ишлаб чиқишга келишилди.
Меҳмонлар "Яшил макон" умуммиллий лойиҳаси доирасида филиал ҳудудида дарахт кўчатларини ўтқазиб, атроф-муҳитни кўкаламзорлаштиришга ўз ҳиссаларини қўшдилар.









