Профессионал таълим муассасалари раҳбар ва педагог кадрларини Германия методикаси асосида ўқитиш бўйича дастур муваффақиятли амалга оширилди
2024-05-02 14:35:00 / Вазирлик янгиликлари

2 май куни ушбу ушбу дастур якунига бағишланган конференция Тошкент шаҳридаги "Ҳилтон" меҳмонхонасида ўтказилди. Унда Германиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси вакиллари, лойиҳа ташкилотчилари, вазирлик ҳамда идора вакиллари, шунингдек 100 нафарга яқин профессионал таълим муассасалари раҳбар ва педагоглари иштирок этди.
Тадбирда сўзга чиққанлар Ўзбекистон профессионал таълим тизимида ёшларни тадбиркорликка ўқитиш ва молиявий саводхонлигини ривожлантириш бўйича амалга оширилган ушбу дастур муваффақиятли амалга оширилганлигини таъкидлашди.
Жумладан, лойиҳа доирасида профессионал таълим муассасаларининг "Бизнес асослари" ва "Бизнесни ташкил этиш ва юритиш" фанларидан дарс берувчи 600 нафардан ортиқ ўқитувчилари Германия методикаси асосида босқичма-босқич ўқитилди, касб-ҳунар мактабларининг битирувчилари учун "Карерани ривожлантириш курси" ўқув дастури олиб борилди, пилот сифатида танланган профессионал таълим муассасаларининг 52 нафар раҳбар ходимлари учун германиялик мутахассислар томонидан ўқув курслари ташкил этилди.
Бундан ташқари, лойиҳа доирасида ташкилот томонидан Тренер сифатида танлаб олинган 19 нафар профессионал таълим тизими педагог кадрлари Германиянинг Ландшут шаҳрининг "Sparkassenakademie Bayern" академиясида малака оширдилар. Шунингдек, ҳозирда профессионал таълим муассасаларида фойдаланиладиган ўқув дастурларни хорижий тажрибалар асосида такомиллаштириш ишлари давом этаётганлиги билдирилди.
Тадбир якунида, лойиҳа доирасида тадбиркорликка ўқитиш ва молиявий саводхонлик бўйича малака оширган миллий тренерларга ташкилотчилар томонидан сертификатлар топширилди.






