"Ғалаба боғи"да "Мудофаа соҳасида инновацион технологиялар–2024" фестивали ўз ишини бошлади
2024-05-02 20:10:00 / Вазирлик янгиликлари

Тантанали очилиш маросимида Мудофаа вазири генерал-лейтенант Баҳодир Қурбонов сўзга чиқиб, барча иштирокчиларни юртимизда илк бор ўтказилаётган мазкур фестиваль билан қутлаб, юртимиз мудофааси учун ўз ҳиссасини қўшаётган тадбиркорларга миннатдорлик билдирди.
Тадбирда қайд этилганидек, дунёдаги инновацион технологияларнинг аксарияти аввало ҳарбий мақсадларда олиб борилган изланишларда яратилган. Айнан мамлакатимизни технологик жиҳатдан мустақиллигини янада ошириш, иқтидорли ёшларни ушбу соҳага кенг сафарбар этиш мақсадида 2-4 май кунлари "Ғалаба боғи" ёдгорлик мажмуасида мудофаа соҳасида инновацион технологиялар фестивали ўтказилмоқда.
Фестиваль доирасида робототехника, киберспорт, дронрейсинг, 3D моделлаштириш, дронларни лойҳалаштириш ва дастурлаш бўйича мусобақалар ўтказилмоқда. Бунда техника, алоқа, ахборот-коммуникация технологиялари, ўқув-техник воситалари, дастурий таъминот, авиация, учувчисиз учиш тизимлари, робототехника қурилмалари, тренажёр комплекслар, ҳимоя воситалари, кимё технологиялари ва бошқа истиқболли йўналишлар бўйича ишланмалар ва маҳсулот прототипларини истиқболда қўллаш учун рақобатбардош лойиҳалари сараланади.









