Вазирлик тизим ташкилотлари ҳамда олий таълим муассасаларининг юридик хизмат ва кадрлар бўлими ходимлари учун семинар ташкил этилди
2024-04-29 15:15:00 / Вазирлик янгиликлари

Тадбирни дастлаб вазир ўринбосари Отабек Маҳкамов очиб, олий таълим тизимида педагогларнинг бугунги кунда мақомига тўхталди ва янги қонуннинг аҳамияти ҳамда моҳияти ҳақида сўзлаб берди. Ушбу қонун талабларининг бажарилишида кадрлар хизмати ходимлари ва юристлардан алоҳида масъулият талаб қилиниши, бугунгидек ўқув жараёнлари эса уларнинг мазкур йўналишдаги иш сифатини янада оширишини таъкидлаб ўтди.
Семинарнинг асосий қисмида “Юрист ва кадр” нодавлат таълим муссасаси раҳбари Саидали Мухторалиев ва Тошкент давлат юридик университети катта ўқитувчиси Муҳаммадамин Каримжоновлар томонидан иштирокчиларга 2024 йил 1 февралдан кучга кирган «Педагогнинг мақоми тўғрисида»ги қонунни амалиётда қўллаш юзасидан муҳим маълумотлар берилди.
Сўнг савол-жавобларга ўтилиб, бу қисм қизғин мунозараларга бой бўлди. Семинар якунида иштирокчиларга зарурий ҳужжатлардан намуналар берилди.






