«Битирувчи ва талаба ёшлар-2024» лойиҳасига старт берилишига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди
2024-04-26 16:00:00 / Вазирлик янгиликлари

Анжуман давомида тадбирнинг мақсади, имкониятлари ҳамда уч ой давомида пойтахтимиз ёшлари учун ташкил этиладиган лойиҳалар ва фаолликлар ҳақида маълумот берилди.
Тошкент шаҳар ҳокими Шавкат Умурзоқов лойиҳа доирасида Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги, Ёшлар ишлари агентлиги ва бошқа қатор ташкилотлар билан ҳамкорликда талаба-ёшларнинг маданият, санъат, спорт, ахборот технологиялари ва китоб ўқиш ва касб-ҳунар ўрганишга бўлган қизиқишини ошириш, уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этишга қаратилган маданий-маърифий тадбирларни ташкил қилиш ҳамда ижтимоий фаоллигини оширишга қаратилган «Тошкент талаба-ёшлар ойлиги»ни ўтказиш кўзда тутилганини қайд этди.
Лойиҳада иштирок этиш учун ёшлар Телеграм тармоғида талаба_битирувчи_бот (https://t.me/talaba_bitiruvchi_bot) ҳаволаси орқали ботда рўйхатдан ўтиши лозим. Рўйхатдан ўтган ёшларга лойиҳа доирасидаги тадбирлар юзасидан маълумот мунтазам юбориб борилади.
Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов айни кунларда олий ва профессионал таълим муассасалари талабалари иштирокида кўплаб маданий-маърифий тадбирлар ва танловлар ўтказиб келинаётгани ҳақида тўхталди.
– Пойтахтимиздаги Адиблар хиёбонида турли маданий тадбирлар, спорт мусобақалари, медиа тренинглар, адиблар билан учрашувлар, фаол, замонавий, ўз мақсадига эга ёшлар учун интеллектуал танловлар ташкил этиляпти.
Тошкент шаҳри ҳокимлиги билан ҳамкорликда мана шу лойиҳаларнинг мантиқий давоми сифатида «Тошкент талаба-ёшлар ойлиги» ўтказилади.
Албатта, ушбу ойлик доирасида ҳам йирик лойиҳалар, танлов ва мусобақалар ўтказиш ҳамда ғолибларни муносиб тақдирлаш белгиланган.
Бунда биринчи навбатда ҳар бир лойиҳанинг олий таълим муассасаси босқичини юқори савияда ташкил этишга алоҳида эътибор қаратамиз.
Асосий мақсад энг иқтидорли ва фаол ёшларимизни аниқлаш ҳамда танлов ва мусобақаларнинг республика финал босқичига энг сара ёшларимизнинг иштирокини таъминлашдир, – деди Қ.Шарипов.
Ойлик давомида қуйидаги қатор танловлар ва спорт турларидан мусобақалар ўтказилади:
Ўғил болалар ўртасида футбол, қиз болалар ўртасида волейбол бўйича «Ёшлар кубоги» лигаси;
Футбол бўйича ўғил болалар ўртасида «Тошкент шаҳар ҳокими кубоги» лигаси;
«Тошкент шаҳар ҳокими кубоги» учун «Қувноқлар ва зукколар» кўрик-танлови;
«Ёшлар кубоги» киберспорт лигаси;
«Ректор ва талаба-ёшлар» учрашуви;
Веломарафон;
«IT-парк» ҳудудида «Замонавий касблар» амалий мулоқоти;
«Заковат» интеллектуал ўйинлари;
«Карьера ва бизнес» кўргазма ярмаркаси;
«Экологик» акциялар;
«Китобхонлик» акцияси;
«Талаба-ёшлар гастрономик ва пазандачилик» фестивали.
Шунингдек, таниқли ёзувчи шоирлар, таниқли театр ва кино актёрлари билан учрашувлар, талабалар театр студиялари томонидан саҳналаштирилган спектаклларнинг намойишини ташкил этиш каби 35 дан ортиқ йирик лойиҳаларни амалга ошириш кўзда тутилмоқда.
Лойиҳа ва тадбирларнинг тантанали тақдирлаш маросимларига таниқли эстрада юлдузлари, ёш ижрочилар, санъат усталари иштирокида ўтказилади.
Бундан ташқари, ҳар ҳафтанинг жума кунлари кечки вақтида «Талабалар шоуси» маданий кўнгил очар шоу-концерт дастурлари ўтказилади.






