Агентлик тарихи
«...қўшинларни замонавий қурол-яроғ ва ҳарбий техника билан қайта таъминлаш — бугунги ва истиқболдаги энг муҳим вазифамиздир.
Афсуски, бу масала биз кутган даражада жадал суръатлар билан амалга оширилмаяпти.
Шу муносабат билан биринчи галдаги вазифа сифатида 2017–2021-йилларга мўлжалланган комплекс дастур ишлаб чиқишимиз керак. Унда ҳарбий аҳамиятга эга маҳсулотлар сотиб олиш, мавжуд техника воситаларини таъмирлаш ва модернизация қилиш, бу борадаги ишларни мақсадли молиялаштириш бўйича аниқ тадбирлар кўзда тутилиши даркор.
Мамлакатимизда ҳарбий саноат мажмуасини барпо этиш вақти келди, деб ҳисоблайман. Шу нуқтаи назардан мудофаа саноати соҳасида ягона сиёсатни амалга ошириш учун масъул бўлган тегишли давлат органини ташкил этиш масаласини кўриб чиқиш керак. Унинг таркибига Мудофаа вазирлигининг таъмирлаш бўйича барча корхоналарини, шунингдек, Чирчиқ авиация таъмирлаш заводи ҳамда ўқ-дори тайёрлайдиган “Восток” илмий-ишлаб чиқариш бирлашмасини ўтказиш зарур.
Келгусида ана шу корхоналар фаолияти самарадорлигини ошириш билан бирга, илмий-ишлаб чиқариш базасини яратиш, сервис марказлари ва қўшма корхоналар ташкил этишга, шунингдек, мамлакатимизнинг етакчи корхоналарида ҳарбий аҳамиятга эга бўлган айрим турдаги маҳсулотларни ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришга алоҳида эътибор қаратиш керак”.
Шавкат Мирзиёев,
Ўзбекистон Республикаси Президенти,
Қуролли Кучлар
Олий Бош Қўмондони.
2017 йил 13 январ.
Ўзбекистон Республикасида узоқ-йиллар давомида Қуролли Кучларни ҳарбий ва икки мақсадда фойдаланиладиган маҳсулотлар билан таʼминлаш асосан импорт ҳисобидан амалга оширилиб келинган бўлиб, ушбу ҳолат нафақат миллий армиямизни ҳарбий ва махсус техника, қурол-аслаҳа ва бошқа зарур жиҳозлар билан ўз вақтида таъминлашга, балки мамлакат ҳарбий хавфсизлигини таʼминлаш каби стратегик йўналишда хорижий давлатларга боғланиб қолишдек ҳолатни юзага келтирган эди.
Мамлакат ривожининг янги босқичида, 2017 йил 20 ноябр куни Ўзбекистон Республикаси Президенти – Қуролли Кучларимиз Олий Бош Қўмондонининг шахсан ташаббуслари билан мамлакатимизда олиб борилаётган ҳарбий соҳадаги ислоҳотлар доирасида миллий мудофаа саноати комплекси яратилди ва давлат мудофаа буюртмаларини шакллантириш, ҳамда мудофаа аҳамиятига эга бўлган ишлаб чиқариш соҳасида ягона давлат сиёсатини олиб боришга масъул бўлган давлат органи – Ўзбекистон Республикаси Мудофаа саноати давлат қўмитаси тузилди.
Ўтган-йиллар мобайнида Қўмита томонидан мамлакатимиз саноатининг ҳарбий ва икки мақсадда фойдаланиладиган маҳсулотларни ишлаб чиқариш салоҳиятини ривожлантиришни таъминлаш ва миллий армиямизни замонавий қурол-яроғ, жанговар техника, махсус воситалар ва айрим турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари билан таʼминлаш бўйича мақсадли ишлар бажарилиб келмоқда.
Хусусан, ҳозирда ҳарби-техник ҳамкорлик доирасида 20 дан ортиқ хорижий давлатлар билан алоқалар йўлга қўйилди, 6 та ҳукуматлараро ҳарбий-техник ҳамкорлик бўйича комиссия фаолият юритмоқда, хорижий шериклар билан ҳарбий-техникавий ҳамкорлик бўйича 10 дан ортиқ келишув ва меморандумлар имзоланиб, уларни ижроси босқичма-босқич амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг қурол-яроғ, ҳарбий ва махсус техниканинг модернизация қилинган ҳамда истиқболли намуналарига, шунингдек, бошқа ҳарбий-техникавий мол-мулкка бўлган талаб-эҳтиёжларини қаноатлантириш мақсадида маҳсулотларни сотиб олиш ишлари тизимли равишда амалга оширилиб келинмоқда.
Ҳарбий ва икки хил мақсадда қўлланиладиган маҳсулотларни ишлаб чиқаришни ўзлаштириш йўналишида ҳам 2018-2020-йилларда мобайнида самарали ишлар амалга оширилди, жумладан мамлакатимиздаги ишлаб чиқариш корхоналари билан ҳамкорликда «КамАЗ» автомобили шассисида юк ва махсус автомобил техникаларини, ҳарбий мақсадда қўлланиладиган радиоалоқа воситаларини, қуруқ озиқ-овқат паёкларини, нафас олиш органлари ҳимоя воситаларини, сув ташиш цистерналари ва дала термосларини, зирҳли техникалар учун аккумулятор батареялари, спиралсимон хавфсизлик тўсиқларини ҳамда бошқа маҳсулотларни ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.
Шунингдек «Чирчиқ авиация таъмирлаш заводи» давлат корхонаси реконструкция қилиш йўли орқали тўлиқ капитал таъмирдан чиқарилди ва технологик жиҳатдан қайта жиҳозланди, бунинг натижасида корхона томонидан кўрсатилаётган хизмат турларини кенгайтириш имкони яратилди. Жумладан, “Ми” русумидаги вертолётларнинг таъмирланаётган жиҳозлари номенклатураси ортди, Су-25 русумли самолётларни таъмирлаш ўзлаштирилмоқда.
Ҳарбий кийим-бош ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган ўзбек-турк қўшма текстил корхонаси ташкил этилди. Корхонга ишга тушгач йил давомида 4 млн. кв. метр мато ва 1 млн. дона тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш қувватига эга бўлади ҳамда унинг 50 % “Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” белгиси остида хорижга экспорт қилинади. Шунингдек, Қуролли Кучлар тизимида хизмат қилаётган ҳарбий хизматчилар учун ҳарбий ва махсус кийим-бош ишлаб чиқилади.
Қўшма корхона фаолиятини тўлиқ йўлга қўйиш ва ишга тушириш тадбирлари 2020-йилнинг II-чорагига режалаштирилмоқда.
2020 йил якунига қадар ҳарбий ва икки мақсадга мўлжалланган маҳсулот ишлаб чиқариш кўрсаткичларини икки баробарга ошириш режалаштирилган.
Юқорида белгиланган пировард натижаларга эришиш, ҳамда мамлакатимиз мудофаа салоҳиятини мустаҳкамлаш мақсадида 2020-2025-йилларда Ўзбекистон Республикаси мудофаа саноатини янада ривожлантиришга қаратилган амалий ҳаракатлар режаси (“Йўл харитаси”) ишлаб чиқилмоқда.
