ВАЗИРЛИКДА ГЕНДЕР ТЕНГЛИКНИ ТАЪМИНЛАШ БОРАСИДА АМАЛГА ОШИРИЛАЁТГАН ИШЛАР ЎРГАНИЛДИ
2025-06-10 15:30:00 / Янгиликлар

Тадбирда Сув хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари, вазирлик маслаҳат кенгаши раиси Т.Бутунбаев, Олий Мажлис Сенатининг Ёшлар, хотин-қизлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси аъзоси М.Кадирханова, “Оила ва гендер” илмий-тадқиқот институти бўлим бошлиғи Ф.Абдурахимова ва бошқалар сўзга чиқиб, мамлакатимиз раҳбари томонидан хотин-қизларнинг жамиятдаги ролини ошириш, гендер тенгликни таъминлаш ва аёлларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор берилаётганлигини таъкидлади.
Бу борада сув хўжалиги тизимида ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, мамлакатимиздаги вазирликлар орасида биринчи бўлиб Ўзбекистон сув хўжалигининг 2025–2030 йилларга мўлжалланган гендер консепцияси тасдиқланиб, 2027 йилгача амалга ошириладиган Ҳаракатлар режаси белгилаб олинди.
Бугунги кунда вазирлик тизимида меҳнат қилаётган мутахассис-ходимлардан 2200 нафарини хотин-қизлар ташкил этади.
Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги “Қуанишжарма” ирригация тизими бошқармаси муҳандис-гидротехниги Л.Аймуратова Президентимизнинг Фармонига асосан “Дўстлик” ордени билан тақдирланган, 1 нафар аёл ходимга “Мўътабар аёл”, 2 нафар аёлга “Меҳнат фахрийси” ва 4 нафар аёлга “Сув хўжалиги аълочиси” кўкрак нишони берилган.
Тизим ташкилотларида фаолият кўрсатаётган хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш мақсадида 8-март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан “Гидрометр/диспетчер аёллар – Сув хўжалиги профессионаллари” мавзусида танлов ўтказилди. Танловда гидрометр ва диспетчер лавозимларида фаолият юритаётган 32 нафар аёл ходималар иштирок этди. Ғолиблар муносиб рағбатлантирилди.
Ўрганиш давомида вазирликда гендер тенгликни таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар юзасидан сўров ўтказилиб, ходимлар, жумладан, хотин-қизлар учун муносиб шарт-шароитлар яратилганлиги эътироф этилди.
Ишчи гуруҳ вазирликда гендер тенгликни таъминлаш борасидаги ишлар кўламини янада кенгайтириш юзасидан амалий тавсиялар берди.
Ахборот хизмати



