СУВ ХЎЖАЛИГИ СОҲАСИДА МЕҲНАТ ҚИЛАЁТГАН ХОТИН-ҚИЗЛАРГА БАЙРАМ ТАБРИГИ
2025-03-07 09:05:00 / Янгиликлар
СУВ ХЎЖАЛИГИ СОҲАСИДА МЕҲНАТ ҚИЛАЁТГАН
ХОТИН-ҚИЗЛАРГА БАЙРАМ ТАБРИГИ
Ассалому алайкум, дилбар опа-сингиллар!
Сиз, азизларни, шу билан бирга, сувчи оиласидаги мунис онахонлар, лобар қизларни табиат чирой очиб бораётган мана шу илк баҳор кунларида, айни шу шукуҳли айёмда 8 март байрами билан чин қалбимдан муборакбод этаман.
Бу йилги байрам халқимиз учун азалдан меҳр-оқибат, шукроналик ва бағрикенглик тимсоли бўлиб келган муборак Рамазон ойида нишонланиши унинг тароватини янада оширди, десак айни ҳақиқатни айтган бўламиз.
Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан соҳада олиб борилаётган ислоҳотларда, кенг кўламли ўзгаришлар ва эришилаётган натижаларда аёлларимизнинг муносиб ҳиссаси борлигини миннатдорлик билан таъкидлаймиз.
Эътибор ва рағбат, моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашлар натижасида савобли касб бўлган сувчилик соҳасини танлаётган хотин-қизлар сафи йил сайин кенгайиб бормоқда.
Бу борадаги эзгу ҳаракатларимиз давом эттирилади. Ишлаб чиқилиб, муҳокамага қўйилган Ўзбекистон сув хўжалигининг 2030 йилгача бўлган гендер концепцияси қабул қилиниши ана шу ишларни юқори босқичга олиб чиқади.
Янги Ўзбекистонни барпо этишда, Учинчи Ренессанс бунёдкори бўлган ёш авлодни тарбиялашда сизларга, сизларнинг буюк мураббийлик фазилатларингизга таянамиз.
Сувчилар оиласида яна Диёра Келдиёровадек Ватанимиз шарафини дунёга тараннум этадиган чемпионлар, истеъдодлар етишиб чиқишига ишонаман.
Азиз ва қадрли опа-сингиллар!
Сизларни ўзингиз каби чиройли байрамингиз билан яна бир бор табриклар эканман, барчангизга сиҳат-саломатлик, бахту саодат, хонадонларингизга файзу барака тилайман.
Ўйлаган эзгу орзу-ниятларингиз амалга ошсин!
Доимо оилангиз ва фарзандларингиз, элу юртимиз ардоғида бўлинг!
Шавкат Хамраев,
Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазири
2025 йил 6 март
