Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг мурожаати
2026-09-07 10:25:00 / Rahbariyatning bayonotlari va nutqlari

Ҳурматли фермер хўжаликлари раҳбарлари, кластерлар ва аграр соҳа масъуллари!
Юртимиз далаларида замонавий агротехнологияларни қўллаш, аввалги йилларга нисбатан янада мўл ва сифатли пахта етиштириш, баракали хирмон яратиш йўлида изчил ишлар олиб борилмоқда.
Бироқ ижтимоий тармоқларда айрим ҳудудларда ҳали тўлиқ етилмаган, вазн тўплаш жараёнидаги пахтани териб олиш бошланаётганини кузатмоқдамиз.
Йил давомидаги меҳнат натижасини теримдаги шошқалоқлик сабаб йўқотманг!
Далангиз теримга тайёрлигига ишонч ҳосил қилинг
Айрим майдонларда ғўзапоя ҳали тўлиқ қуримаган, ўсимликда яшил барглар ва етилаётган кўсаклар борлигига қарамай, теримга киришилмоқда.
Бундай далалар ҳали теримга тўлиқ тайёр эмас!
Ғўзада пахта очилган бўлса ҳам, поя ҳали қуримаган, барглар ва кўсаклар мавжуд бўлса, ҳосилнинг етилиш ҳолатига алоҳида эътибор қаратиш зарур.
Дефолиация ва десикация тадбирларини белгиланган агротехник талаблар асосида, ўз вақтида ва сифатли ўтказиш муҳим. Ғўзанинг етилиш жараёни якунланиши, мавжуд кўсаклардаги пахта вазн тўплаши ва сифати яхшиланиши учун ҳар бир тадбирнинг муддатига риоя қилинг.
Қўшимча ҳосил ва даромад имкониятини бой берманг
Агротехник тадбирлар тўғри ва кетма-кет бажарилган айрим майдонларда гектаридан 100 центнергача ҳосил олиш имконияти мавжуд.
Шошқалоқлик билан теримни эрта бошлаш эса ҳали олиниши мумкин бўлган қўшимча ҳосил ва даромаддан маҳрум қилиши мумкин.
Эсда тутинг: десикация — ҳосилни теримга тайёрлашдаги муҳим агротехник тадбирлардан бири. Уни ўз вақтида ва сифатли бажаринг!
Теримга тайёрланган далани суғорманг!
Айрим фермерлар дефолиация ва десикациядан кейин «сув берсам, пахтанинг вазни ортади», деган тушунча билан далаларни суғормоқда.
Бу нотўғри ёндашув!
Бундай суғориш ғўзанинг қайта кўкаришига, янги барглар чиқаришига шароит яратади. Натижада ўсимлик куч ва озиқасининг бир қисмини мавжуд кўсакларга эмас, янги баргларни ривожлантиришга сарфлайди. Бу ҳосилнинг етилишини кечиктириб, унинг вазни ва сифатига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.
Дефолиация ва десикация қилинган пахта майдонларини суғориш қатъиян ман этилади!
Ҳар бир далага алоҳида эътибор, ҳар бир ишга масъулият
Барча фермер хўжаликлари, кластерлар, ҳудудий раҳбарлар ва аграр соҳа масъулларидан:
• Дефолиация ва десикацияни сифатли ташкил этиш;
• Ҳосил тўлиқ етилмасдан ва зарур агротехник тадбирлар якунланмасдан теримни бошламаслик;
• Десикациядан кейин далаларни асоссиз суғормаслик;
• Ҳар бир майдондаги ҳосилнинг етилиш ҳолатини мунтазам назорат қилиш сўралади.
Ҳар бир центнер ҳосилни, ҳар бир сўм даромадни асранг!
Ҳурматли пахтакорлар! Йил давомида қилган машаққатли меҳнатингизнинг муносиб натижасини кўриш учун теримда шошилмаслик ва барча агротехник талабларга риоя қилиш лозим.
Тўлиқ етилмаган ҳосилни теришга шошилманг!
Агротехник тадбирларни тўғри ва ўз вақтида бажариб, айрим майдонларда гектаридан 10–20 центнергача қўшимча пахта етиштириш имкониятидан унумли фойдаланинг.
Бу имконият даромадингизни ошириш, ҳосилдорлиги паст майдонлардаги йўқотишларни қоплаш ва мамлакатимизда баракали пахта хирмонини яратишга хизмат қилади.
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги барча фермерлар ва масъулларни пахта теримига масъулият билан ёндашишга, ҳар бир даланинг мавжуд имкониятидан тўлиқ фойдаланишга чақиради!
Йиллик меҳнатингизни асранг. Ҳосилни ўз вақтида, сифатли ва нобуд қилмасдан йиғиб олинг!
