Ўзбекистон ва Болгария малакали кадрлар етиштириш борасида ҳамкорликни йўлга қўяди
2023-04-26 17:00:00 / Вазирлик янгиликлари

Томонлар Ўзбекистондаги профессионал таълим муассасалари ўқувчиларини Европа давлатларида ишлаш учун тайёрлаш масаласини муҳокама қилдилар. Ҳозирги кунда Европа мамлакатларида, хусусан, Болгарияда кичик тиббий ходимларга эҳтиёж катта бўлиб, шифохоналарда ҳамширалар, фельдшерлар, врач ёрдамчиси каби касб эгалари учун кўплаб бўш иш ўринлари мавжуд. Ўзбекистоннинг аҳолиси ёшлардан иборат бўлгани, ёшларнинг билим олиш ва меҳнат қилишга иштиёқлари баландлигини инобатга олиб, Ўзбекистондаги техникум ва коллежлардаги ўқувчилари учун Европа стандартларига мос келувчи ўқув курсларини жорий этиш ва тил ўргатиш орқали Болгарияда ишлашлари учун тайёрлаш ҳар икки мамлакат учун манфаатли экани қайд этилди
Шунингдек, томонлар ОТМ тиббиёт ва бошқа йўналишдаги олий таълим муассасалари талабаларининг Болгария университетларида ўқишларини ташкил этиш, Ўзбекистон талабалари учун грантлар ажратиш, Ўзбекистонда Болгариянинг етакчи университетларининг филиалларини очиш масаласи муҳокама қилинди. Буларни амалга ошириш учун Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳамда Болгари Олий таълим вазирлиги ўртасида меморандум имзолашга келишилди.
Шунингдек, илмий-тадқиқот ишларини ҳамкорликда олиб бориш истиқболлари, қўшма илмий дастурларни шаклантиришга қизиқиш билдирилди. Республикамизда ташкил этилган инновацион ҳудудларда Болгария инновацион компаниялари билан ҳамкорликда қўшма корхоналарни ташкил этиш, инновацион маҳсулотларни ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш бўйича фикр алмашилди.



