Коррупцияга қарши кураш мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.
2025-09-24 20:25:00 / Янгиликлар
Жорий йилнинг 24-сентябрь куни Зарафшон шаҳрида муҳим тадбир – коррупцияга қарши кураш ва иқтисодий жиноятларнинг олдини олишга бағишланган давра суҳбати ташкил этилди. Тадбир Зарафшон шаҳар маданият бўлимига қарашли “Ёшлар” маданият саройида шаҳар ҳокимлиги, Давлат хавфсизлик хизмати, Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ва Жиноят ишлари бўйича шаҳар суди ҳамкорлигида ўтказилди.
Давра суҳбатида турли ташкилот ва идоралар – шаҳар қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги бўлими, Навоий ҳудудий электр тармоқлари корхонаси АЖ шаҳар электр таъминоти корхонаси, “Навоий сув таъминоти” АЖ шаҳар бўлими, “Зарафшоншаҳаргаз” газ таъминоти бўлими, “Иссиқлик манбаи” ДУК Зарафшон филиали, Кадастр агентлигининг шаҳар бўлими, Давлат кадастрлари палатасининг шаҳар филиали, шунингдек шаҳар ободонлаштириш бошқармаси раҳбар ҳамда ходимлари фаол иштирок этдилар.
Учрашув давомида муҳокама қилинган асосий мавзу – коррупция ва иқтисодий жиноятларнинг жамият ривожига кўрсатадиган салбий таъсири бўлди. Айниқса, қурилиш ва муҳандислик соҳаларида қонунбузарликларнинг олдини олиш, жиноят содир этилган тақдирда эса жазонинг муқаррарлиги принципи қатъий татбиқ этилиши таъкидланди. Иштирокчиларга ноқонуний хатти-ҳаракатлар суд органлари томонидан белгиланган тартибда кўриб чиқилиши ва муқаррар чора-тадбирлар қўлланиши ҳақида тушунтиришлар берилди.
Тадбир якунида эса куз-қиш мавсумига пухта тайёргарлик кўриш масаласи ҳам муҳокама қилиниб, мутасаддиларга аниқ топшириқлар берилди.





