Бугун Зарафшон шаҳри ҳокими Назирбек Раҳманов олиб борилаётган ободончилик ишларини текшириш ва фуқаролар билан мулоқот қилиш мақсадида "Мурунтов" МФЙда бўлди.
2025-08-11 23:00:00 / Янгиликлар
Аввало шаҳримиз ҳокими аҳоли мурожаатларини ўрганиш ва уларни ижобий ҳал этиш мақсадида ушбу маҳаллада навбатдаги сайёр қабулини ўтказди.
Қабул давомида фуқароларнинг бандлиги таъминлаш, турар жой муаммоси ва даволанишга кўмак бериш соҳаларига оид мурожаатлари тингланиб, уларни ҳал этиш юзасидан зарур чоралар кўрилди. Айрим масалалар жойида ҳал этилган бўлса, батафсил ўрганишни талаб қиладиган мурожаатлар назоратга олинди.
Шундан сўнг ҳоким маҳаллада жойлашган 5-умумтаълим мактабининг янги ўқув йилига тайёргарлик ҳолатини текширди. Масъул раҳбарларнинг хисоботларини тинглади. Мактабда ўқувчиларнинг сифатли таълим олиши учун лозим бўлган барча зарурий шароитлар яратилиши лозимлиги таъкидланди.
Текширувдан сўнг ёшлар билан учрашув бўлиб ўтди. Учрашувда ёшларнинг мавжуд муаммолари муҳокама қилинди. Мутасаддиларга муаммоларни ҳал этиш бўйича топшириқлар берилди.
Шунингдек ҳоким кам таъминланган оилалар ҳолидан хабар олиш мақсадида фуқаролар хонадонида бўлди. Улар билан суҳбат олиб борилди. Мавжуд маълумотлар батафсил ўрганилди. Ушбу оилаларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, барқарор даромад топишига ёрдам бериш ва яшаш шароитини яхшилаш бўйича аниқ вазифалар белгилаб олинди.
Сўнги манзил "Элипс" хусусий бурғулаш ширкати ишчи-ходимлари учун қурилаётган ётоқхона бўлди. Мутасаддилардан ишларнинг бориши бўйича ҳисобот тингланди. Н.Раҳманов бу борада ўз таклифларини айтиб ўтди. Ишчилар учун ётоқхона қулай ва шинам шароит яратиш лозимлиги таъкидланди.









