Зарафшон шаҳрида “Хододо” бренди дўконининг очилиш маросими бўлиб ўтди
2026-11-08 15:15:00 / Янгиликлар

Зарафшон шаҳрида тадбиркорлик ва савдо соҳасини ривожлантириш, аҳоли учун замонавий савдо хизматларини йўлга қўйиш борасидаги ишлар изчил давом этмоқда. Айни йўналишдаги навбатдаги янги лойиҳа — турли хил маҳсулотлар савдосига ихтисослашган “Хододо” бренди дўконининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда Зарафшон шаҳар ҳокими, Халқ депутатлари Зарафшон шаҳар Кенгаши депутати Назирбек Раҳманов, шаҳар Давлат солиқ инспекцияси бошлиғи Рашид Бахронов, ҳоким ўринбосарлари ҳамда инвестор Ёу Ёнг иштирок этди.
Очилиш маросимида шаҳар ҳокими сўзга чиқиб, мамлакатимизда ҳурматли Президентимиз раҳбарлигида тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, ҳудудларга хорижий инвестицияларни жалб этиш, инвесторларга қулай шарт-шароитлар яратиш ҳамда иқтисодий салоҳиятни янада юксалтириш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳақида алоҳида тўхталиб ўтди.
Шунингдек, бундай янги савдо масканларининг ишга туширилиши шаҳар иқтисодий ҳаётини янада жонлантириш, хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш, соғлом рақобат муҳитини шакллантириш ва аҳоли учун қўшимча қулайликлар яратишда муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.
Тадбир давомида мутасаддилар ҳамда дўкон раҳбарияти томонидан “Хододо” бренди дўконида харидорларга таклиф этилаётган маҳсулотлар ассортименти, савдо масканида яратилган замонавий шароитлар, хизмат кўрсатиш имкониятлари ва келгусидаги режалар ҳақида батафсил маълумот берилди.
Таъкидлаш жоизки, янги савдо масканининг фаолият бошлаши зарафшонликлар учун харид имкониятларини кенгайтириш билан бирга, шаҳарда тадбиркорлик муҳитини янада яхшилашга ҳам хизмат қилади.









