ЖАРАЁН
2026-11-08 13:40:00 / Янгиликлар

Зарафшон шаҳрида замонавий инфратузилмани ривожлантириш, савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасини янги босқичга олиб чиқиш, шунингдек, хорижий инвестицияларни жалб этиш борасида изчил ишлар амалга оширилмоқда.
Зарафшон шаҳар ҳокими, Халқ депутатлари Зарафшон шаҳар Кенгаши депутати Назирбек Раҳманов хорижий инвесторлар билан биргаликда шаҳарда барпо этилаётган “Зарафшон City Малл” замонавий савдо ва кўнгилочар марказига ташриф буюриб, қурилиш жараёнлари билан яқиндан танишди.
Ташриф давомида лойиҳа учун масъул мутасаддилар томонидан қурилиш ишларининг бугунги кундаги ҳолати, амалга оширилаётган ишлар кўлами, лойиҳанинг навбатдаги босқичлари ҳамда белгиланган режалар юзасидан батафсил маълумот берилди.
Шунингдек, мажмуа фойдаланишга топширилгач, бу ерда тадбиркорлар учун қандай имкониятлар яратилиши, савдо шохобчалари, хизмат кўрсатиш нуқталари ва кўнгилочар масканлар фаолиятини йўлга қўйиш, аҳоли ҳамда шаҳарга ташриф буюрувчиларга замонавий хизматларни тақдим этиш масалалари муҳокама қилинди.
Шаҳар ҳокими лойиҳанинг Зарафшон шаҳри иқтисодий салоҳиятини ошириш, янги иш ўринларини яратиш, тадбиркорлик субъектлари фаолиятини кенгайтириш ҳамда аҳолининг сифатли савдо ва кўнгилочар хизматларга бўлган эҳтиёжини қондиришдаги аҳамиятига алоҳида эътибор қаратди.







