МУЗОКАРА
2026-11-08 20:00:00 / Янгиликлар

Зарафшон шаҳрида саноат салоҳиятини янада ошириш, хорижий инвестицияларни жалб этиш, замонавий ишлаб чиқариш қувватларини ташкил этиш ҳамда маҳаллий хомашёдан самарали фойдаланиш борасида янги ташаббуслар илгари сурилмоқда.
Шу мақсадда Зарафшон шаҳар ҳокими, Халқ депутатлари Зарафшон шаҳар Кенгаши депутати Назирбек Раҳманов гранит ва мармарни қайта ишлаш орқали чиқиндисиз, юқори қўшилган қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ташкил этиш масаласи юзасидан хорижий инвесторлар билан учрашув ўтказди.
Мулоқот давомида мазкур инвестициявий лойиҳанинг истиқболлари, ишлаб чиқариш жараёнига замонавий технологияларни жорий этиш, гранит ва мармар хомашёсини чуқур қайта ишлаш ҳамда ундан тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш имкониятлари атрофлича муҳокама қилинди.
Шаҳар ҳокими мамлакатимизда саноатни ривожлантириш, иқтисодиётга хорижий инвестицияларни кенг жалб қилиш, янги ишлаб чиқариш корхоналарини ташкил этиш ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири эканини таъкидлади.
Айниқса, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, ишлаб чиқариш жараёнида ҳосил бўладиган чиқиндиларни қайта ишлаш ва улардан қўшимча маҳсулотлар тайёрлаш орқали иқтисодий самарадорликка эришиш муҳимлиги қайд этилди.
Учрашувда лойиҳани амалга ошириш билан боғлиқ ташкилий, техник ва инвестициявий масалалар юзасидан фикр алмашилиб, ҳамкорликнинг кейинги босқичлари муҳокама қилинди. Инвесторлар томонидан билдирилган таклиф ва ташаббусларни қўллаб-қувватлаш, лойиҳани ҳаётга татбиқ этиш учун зарур шарт-шароитларни яратиш масалаларига ҳам эътибор қаратилди.
Мазкур лойиҳа амалга оширилиши натижасида шаҳарда янги ишлаб чиқариш қувватлари, қўшимча иш ўринлари яратилиши, қурилиш материаллари саноати ривожланиши ҳамда хомашёни чуқур қайта ишлаш ҳисобига юқори иқтисодий самарадорликка эришиш имконияти юзага келади.



