ТАБРИК
2026-11-11 15:45:00 / Раҳбариятнинг баёнотлари ва нутқлари

11-ноябрь — Ўзбекистон касаба уюшмалари куни муборак бўлсин!
Ҳурматли касаба уюшмалари фаоллари, соҳа фидойилари ва меҳнат фахрийлари!
Сизларни 11-ноябрь — Ўзбекистон касаба уюшмалари куни билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман!
Касаба уюшмалари мамлакатимизда инсон қадрини улуғлаш, меҳнаткашларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, улар учун муносиб меҳнат шароитларини яратиш, ижтимоий адолат ва ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш йўлида муҳим ўрин тутади.
Айниқса, ходимларнинг меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш, уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, меҳнат жамоаларида соғлом муҳитни шакллантириш, ёшлар ва меҳнат фахрийларига эътибор кўрсатиш борасидаги фаолиятингиз алоҳида эътирофга лойиқ.
Зарафшон шаҳрида ҳам касаба уюшмалари ташкилотлари томонидан меҳнаткашларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг ижтимоий фаровонлигини ошириш ҳамда жамоаларда бирдамлик ва ўзаро ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш борасида амалга оширилаётган ишлар муҳим аҳамият касб этмоқда.
Фурсатдан фойдаланиб, халқимиз фаровонлиги, юртимиз тараққиёти ва меҳнат жамоаларининг манфаатлари йўлида сидқидилдан хизмат қилиб келаётган барча касаба уюшмалари фаолларига чуқур миннатдорлик билдираман.
Барчангизга мустаҳкам соғлиқ, оилавий бахт-саодат, хонадонларингизга файзу барака, шарафли ва масъулиятли фаолиятингизда улкан муваффақиятлар тилайман!
Байрамингиз муборак бўлсин!
Ҳурмат билан,
Назирбек Раҳманов,
Зарафшон шаҳар ҳокими
