Аҳоли бандлигини таъминлаш, камбағалликни қисқартириш, оилалардаги ижтимоий муаммоларнинг олдини олиш ҳамда маҳаллалар ободлигини таъминлаш — Зарафшон шаҳрида амалга оширилаётган ишларнинг муҳим йўналишларидан биридир.
2026-10-08 18:40:00 / Янгиликлар

Бугун Зарафшон шаҳар ҳокимлигида Зарафшон шаҳар ҳокими, Халқ депутатлари Зарафшон шаҳар Кенгаши депутати Назирбек Раҳманов раислигида ушбу йўналишлардаги долзарб масалаларга бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.
Йиғилишда шаҳар ҳудудидаги маҳаллаларда аҳоли бандлигини таъминлаш, камбағалликни қисқартириш, фуқароларнинг даромадларини ошириш, тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ҳамда миграцияга кетган фуқаролар билан манзилли ишлаш масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, оилалардаги ижтимоий муаммоларни барвақт аниқлаш, тазйиқ ва зўравонлик, эрта турмуш ҳамда оилавий ажримларнинг олдини олиш борасидаги ишларни кучайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Маҳаллалар инфратузилмасини яхшилаш, ҳудудларни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида дарахт кўчатларини экиш, тозалик ва озодаликка риоя этиш, шунингдек, муаммоли ва оғир тоифадаги маҳаллалар билан ишлаш самарадорлигини ошириш масалалари ҳам кун тартибидан ўрин олди.
Йиғилиш давомида ҳар бир йўналиш бўйича масъулларга аниқ вазифалар белгиланиб, маҳаллаларда мавжуд муаммоларни жойига чиққан ҳолда ўрганиш, уларни манзилли ва ўз вақтида ҳал этиш юзасидан тегишли топшириқлар берилди.









