Иқтисодий судларда ишларни соддалаштирилган тартибда кўриб чиқиш тартиби.
2026-09-09 13:50:00 / Янгиликлар
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг (кейинги ўринларда ИПК деб юритилади) 2032-моддасига кўра, агар даъвонинг баҳоси юридик шахсларга нисбатан базавий ҳисоблаш миқдорининг бир юзи эллик бараваридан, якка тартибдаги тадбиркорларга нисбатан эса юз бараваридан ошмаса, даъво аризалари бўйича ишлар соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқилиши белгиланган. Бугунги кунда юридик шахсларга нисбатан даъво суммаси 61.800.000 сўм миқдоригача бўлган ишлар, якка тартибдаги тадбиркорларга нисбатан эса 41.200.000 сўм миқдоригача бўлган ишлар соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқилади.
Агар ушбу модданинг тўртинчи қисмида кўрсатилган ҳолатлар мавжуд бўлмаса, даъвогарнинг илтимосномасига кўра, жавобгарнинг розилиги билан бошқа ишлар ҳам соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқилиши мумкин.
Бироқ, даъво баҳоси юридик шахсларга нисбатан базавий ҳисоблаш миқдорининг бир юзи эллик бараваридан, якка тартибдаги тадбиркорларга нисбатан эса юз бараваридан ошмаган бўлса ҳам қуйидаги ҳолларда ишлар умумий тартибда кўриб чиқилади.
1) ишни соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқиш давлат сирининг, тижорат сирининг ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирнинг ошкор қилинишига олиб келиши мумкин бўлса;
2) қўшимча ҳолатларни аниқлаш ёки қўшимча далилларни текшириш, шунингдек далилларни улар турган жойда кўздан кечириш ва текшириш, экспертиза тайинлаш ёки гувоҳларнинг кўрсатувларини эшитиш зарур бўлса;
3) билдирилган талаб бошқа талаблар билан боғлиқ бўлса, шу жумладан учинчи шахсларга тааллуқли бўлса ёки мазкур иш бўйича қабул қилинган суд ҳужжати билан учинчи шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатлари бузилиши мумкин бўлса.
ИПК 2032-моддасига кўра, корпоратив низолар бўйича ишлар, ҳуқуқий таъсир чораларини қўллаш тўғрисидаги ишлар соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқилмайди.
Ишларни соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқишнинг ўзига хос хусусиятлари, тадбиркорлик субъектларига афзалликлари мавжуд.
Жумладан, соддалаштирилган иш юритиш тартибидаги иш даъво аризасини иш юритишга қабул қилиш ва иш қўзғатиш ҳақида ажрим чиқарилган кундан эътиборан йигирма кундан ошмаган муддатда даъво аризаси юзасидан ёзма фикрни, далилларни ҳамда бошқа ҳужжатларни тақдим этиш учун белгиланган муддат ўтганидан кейин судья томонидан якка тартибда кўриб чиқилади.
Умумий тартибда ишлар ИПК 164-моддасига кўра, суд муҳокамаси ишни суд муҳокамасига тайёрлаш тўғрисидаги ажрим чиқарилган кундан эътиборан бир ойдан ошмаган муддатда тугалланиши керак. Алоҳида ҳолларда, суд муҳокамасининг муддати суд раиси томонидан бир ойдан ошмаган муддатга узайтирилиши мумкин.
Ишни соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқиш муддати узайтирилмайди. Умумий тартибда узайтирилиб, икки ой муддатда кўрилиши мумкин.
Суд соддалаштирилган иш юритиш тартибидаги ишни суд муҳокамасини ўтказмасдан, тарафларни чақиртирмасдан ва уларнинг тушунтиришларини эшитмасдан кўриб чиқади.
Соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқилган иш бўйича ҳал қилув қарори, агар апелляция шикояти (протести) берилмаган бўлса, қабул қилинганидан кейин ўн кун ўтгач қонуний кучга киради.
ИПК 192-моддасига кўра, ҳал қилув қарори, агар унинг устидан апелляция тартибида шикоят қилинмаган (протест келтирилмаган) бўлса, у қабул қилинган кундан эътиборан бир ойлик муддат ўтгач, қонуний кучга киради.
Иқтисодий судларда ишларни соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқилиши юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорларнинг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқларини ёхуд қонун билан қўриқланадиган манфаатларини тезкорлик билан ҳимоя қилиш, уларнинг вақтлари ҳамда пул маблағларини тежалишига хизмат қилади.
Навоий туманлараро иқтисодий суди судьяси
Б.Джумаев
