ТАТУ Зарафшон факультетида янги ўқув йили бошланди
2026-09-08 11:10:00 / Янгиликлар

Унда Зарафшон шаҳар ҳокими Назирбек Раҳманов, ҳоким ўринбосарлари, мутасадди ташкилотлар вакиллари, факультет ўқитувчилари ҳамда талабалар иштирок этишди.
Тадбирда шаҳар ҳокими сўзга чиқиб барча талабаларни талабалик бахти ва янги ўқув йилининг бошланиши билан самимий муборакбод этиб, ёшларга таълим олиш, изланиш ва келажакдаги фаолиятида улкан муваффақиятлар устозларга эса шарафли ва масъулиятли фаолиятларида куч-ғайрат ҳамда янги ютуқлар тилади.
Тадбир давомида шаҳар ҳокими факультет аудиториясида талабалар билан очиқ мулоқот ўтказди. Мулоқотда юртимизда ёшлар учун яратилаётган кенг имкониятлар, замонавий ахборот технологияларини ўрганиш, рақамли билим ва кўникмаларни ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ташаббуслар ҳақида сўз юритилди.
Айниқса, ёшларнинг замонавий касбларни эгаллаши, ИТ соҳасида чуқур билимга эга бўлиши, ўз лойиҳаларини амалга ошириши ва халқаро майдонда рақобатбардош мутахассис бўлиб етишиши учун мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш муҳимлиги таъкидланди.
Шунингдек, факультет ўқитувчилари билан мулоқот давомида талабаларни ҳар томонлама ривожлантириш, замонавий технологияларни пухта ўргатиш, хорижий тилларни билиш даражасини ошириш ҳамда таълим сифатини янада яхшилаш борасида амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар муҳокама қилинди.









