КОНСТИТУЦИЯ

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси мамлакатимизнинг асосий қонуни бўлиб, давлат ва жамият ҳаётининг барча муҳим йўналишларини тартибга солувчи олий ҳуқуқий ҳужжат ҳисобланади. Конституция давлат тузилиши, ҳокимият органлари тизими, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, шунингдек жамият ва давлат ўртасидаги ўзаро муносабатларнинг асосий принциплари ва қоидаларини белгилаб беради.
Конституция устуворлиги принципи мамлакатда қонунийлик, адолат ва ҳуқуқий тартиботни таъминлашнинг муҳим омили бўлиб хизмат қилади. Барча норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар Конституцияга мувофиқ бўлиши шарт.
1992-ЙИЛ 8-ДЕКАБРДА ҚАБУЛ ҚИЛИНГАН КОНСТИТУЦИЯ
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 1992-йил 8-декабр куни қабул қилинган бўлиб, у мустақил Ўзбекистон давлатининг ҳуқуқий асосларини яратишда муҳим тарихий аҳамият касб этди. Мазкур Конституция мамлакатимизнинг суверенитетини мустаҳкамлаш, демократик давлат ва фуқаролик жамияти барпо этиш йўлида муҳим қадам бўлди.
1992-йилги Конституцияда инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари олий қадрият сифатида эътироф этилди. Унда давлат ҳокимиятининг бўлиниши принципи – қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятининг мустақил фаолияти белгилаб берилди. Шунингдек, фуқароларнинг шахсий, сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ҳуқуқлари кенг қамровда мустаҳкамланди.
Мазкур Конституция миллий давлатчилик анъаналари ва халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган нормаларига асосланган ҳолда ишлаб чиқилган бўлиб, у мамлакатимиз тараққиётининг дастлабки босқичларида муҳим ҳуқуқий пойдевор вазифасини бажарди.
ЯНГИ ТАҲРИРДАГИ КОНСТИТУЦИЯ
Янги Ўзбекистонни барпо этиш жараёнида Конституция замон талаблари, ижтимоий-сиёсий ислоҳотлар ҳамда халқ манфаатларидан келиб чиқиб такомиллаштирилди ва янги таҳрирда қабул қилинди.
Янгиланган Конституцияда инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни ва қадр-қиммати энг олий қадрият сифатида янада мустаҳкамланди. “Инсон – жамият – давлат” тамойили асосий устувор йўналиш сифатида белгиланди. Бу эса давлат органлари фаолиятининг бош мақсади фуқароларнинг фаровон ҳаётини таъминлашдан иборат эканини англатади.
Янги таҳрирдаги Конституцияда қуйидаги муҳим йўналишларга алоҳида эътибор қаратилди:
-
фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг самарали механизмларини кучайтириш;
-
ижтимоий давлат принципини мустаҳкамлаш ва аҳолининг ижтимоий ҳимоясини кенгайтириш;
-
таълим, соғлиқни сақлаш, экология ва ижтимоий таъминот соҳаларини ривожлантириш;
-
давлат ҳокимияти органлари фаолиятида очиқлик, шаффофлик ва ҳисобдорликни таъминлаш;
-
фуқаролик жамияти институтлари ролини ошириш;
-
суд-ҳуқуқ тизимини янада мустақил ва адолатли қилиш.
Шунингдек, Конституцияда давлат ва жамият бошқарувида замонавий ёндашувлар, инсон манфаатларига хизмат қилувчи механизмлар ҳамда барқарор ривожланишни таъминловчи ҳуқуқий нормалар ўз ифодасини топди.
