Агентлик ҳақида
Ўзбекистон Республикасида космик фаолиятни ривожлантириш, космик тадқиқотлар ва замонавий космик технологияларни жорий этиш бўйича ваколатли давлат органи ҳисобланади. Агентлик мамлакатнинг илмий-техник салоҳиятини ривожлантириш, космик технологиялардан иқтисодиётнинг турли тармоқларида самарали фойдаланишни таъминлаш ҳамда миллий космик инфратузилмани шакллантиришга қаратилган фаолиятни амалга оширади.
Агентлик Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 30 августдаги ПФ-5806-сонли “Ўзбекистон Республикасида космик фаолиятни ривожлантириш тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ ташкил этилган бўлиб, космик тадқиқотлар, сунъий йўлдош технологиялари, эрни масофадан зондлаш, космик мониторинг ҳамда геоахборот технологияларини ривожлантириш бўйича давлат сиёсатини амалга оширади “Ўзбеккосмос” агентлиги фаолияти доирасида космик технологияларни қишлоқ хўжалиги, ер муносабатлари, экология, геология, сув хўжалиги ва бошқа тармоқларга жорий этиш, ҳудудларни космик мониторинг қилиш ҳамда давлат бошқаруви учун таҳлилий маълумотлар тайёрлаш йўналишлари изчил ривожлантирилмоқда.
Шунингдек, агентлик космик тадқиқотлар соҳасида илмий ва инновацион фаолиятни қўллаб-қувватлаш, замонавий технологияларни жорий этиш, юқори малакали кадрларни тайёрлаш ҳамда халқаро ҳамкорликни кенгайтириш орқали мамлакатнинг космик салоҳиятини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
“Ўзбеккосмос” агентлиги фаолияти космик технологиялар имкониятларидан кенг фойдаланиш орқали иқтисодиёт тармоқларининг самарадорлигини ошириш, ҳудудларни барқарор ривожлантириш ва замонавий рақамли технологияларни кенг жорий этишга қаратилган.
