Ўзбеккосмос: энди навбат ноқонуний шоли ёқишга келди!
2025-10-13 13:45:00 / Янгиликлар

«Ўзбеккосмос» агентлиги томонидан олиб борилган таҳлилларга кўра, айни вақтда мамлакатимиздаги шоли ҳосилидан бўшаган далаларда қолдиқларни ноқонуний ёқиб юбориш билан боғлиқ 38 та ҳолат аниқланиб, 500,3 гектар майдон зарар кўрган. Бу Сирдарё вилояти (30 та ҳолат 421,9 гектар) ва Тошкент вилояти (8 та ҳолат 78,4 гектар) ҳудудларига тўғри келмоқда. Бир қарашда бу ерни «тозалаш» усулидек кўринсада, аслида жуда жиддий экологик муаммоларни келтириб чиқаради.

Хусусан, шоли ёқиш жараёнида атмосферага катта миқдорда углерод гази, кўмирдек оксидлар ва зарарли моддалар тарқалади. Бу ҳаво ифлосланишига, иқлим ўзгариши жараёнларининг тезлашишига сабаб бўлади. Айниқса, яқин атрофдаги аҳоли учун бу ҳолат нафас олиш тизими касалликларини кучайтиради. Қолаверса, ёқилган ер юзасининг юқори қатламидаги микроорганизмлар нобуд бўлади. Бу эса кейинги мавсумдаги ҳосилдорликни пасайтириб, табиий гумуснинг камайиши ва ернинг биологик фаоллиги сўнишига олиб келади.

Қайд этиш лозим, шоли ўримидан бўшаган майдонларни тез ва арзон йўл билан ёқиб юборишга бўлган ҳаракат Ўзбекистон Республикаси маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 88-моддаси 3-қисми билан базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 баробаригача жарималар қўлланилишига сабаб бўлади. Зарар миқдори катта бўлган тақдирда ҳаттоки жиноий жавогарликкача олиб бориши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, «Ўзбеккосмос» агентлиги ушбу ҳолатларни сунъий йўлдош суратлари орқали кунлик мониторинг қилиб боради. Огоҳ бўлинг, мамлакатимизнинг энг қимматли ресурсларидан бўлган қишлоқ хўжалиги экин ерларига ҳар қандай турдаги зарар етказишдан сақланинг. Барча жараёнлар назорат остида.

Бу каби вазиятларга қарши курашишда ва уларнинг олдини олишда маҳаллий ҳокимлик ҳамда иродалардан ҳам фаолроқ бўлишларини сўраб қоламиз.
Юртдошларимиз шу каби салбий ҳолатларга гувоҳ бўлишганида Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигининг 1207 ишонч рақамларига қўнғироқ қилишлари мумкин.
«Ўзбеккосмос» агентлиги Ахборот хизмати.
