NASA Space Apps Challenge 2025
2025-10-06 12:25:00 / Янгиликлар

Ҳар йили октабр ойининг дастлабки 10 кунлигида бутун дунёда космос мавзусига бағишланган йирик тадбирлар ташкил этилади. Нега дейсизми, чунки 1957 йил 4-октабрда Собиқ Иттифоқ энг биринчилардан бўлиб ўзининг сунъий йўлдошини коинотга учирган.
1967 йил 10-октабрда эса АҚШ, Буюк Британия ва Собиқ Иттифоқ ўртасида айни йўналишда махсус шартнома имзоланган. Шундан келиб чиққан ҳолда 1999 йилда БМТ Бош Ассамблеяси “Бутунжаҳон космос ҳафталиги”ни нишонлаш тўғрисидаги резолюцияни имзолаган.
Қарийб 26 йилдан буён мазкур сана ва у билан боғлиқ тадбирлар дунёнинг ҳар бир давлатида кенг нишонланади. Мамлакатда космик тадқиқотлар ва технологиялар билан шуғулланиб келаётган “Ўзбеккосмос” агентлиги ташаббуси билан бу йил Ўзбекистонда ҳам мазкур сана кенг миқёсида нишонланмоқда. Хусусан, “Бутунжаҳон космос ҳафталиги” доирасида 4-5 октабр кунлари Тошкент шаҳридаги Турин политехника университетида “Ўзбеккосмос” ва “NASA” агентликлари ҳамкорлигида “NASA Space Apps Challenge 2025” Ҳакатон тадбири бўлиб ўтмоқда.
Унда космонавтика ва астрономия каби йўналишларга қизиққан 200 нафардан зиёд ёшлар 50 дан ортиқ жамоаларга бўлинган ҳолда иштирок этишди. Улар маълумотларни қайта ишлаш, космик технологиялар ва STEM каби йўналишларда 20 та мавзу бўйича ўзларининг ечим ва креатив лойиҳаларини ишлаб чиқишди. Бу эса улар учун “NASA” агентлигининг энг долзарб муаммолари устида ишлаш орқали ўз истеъдодини намоён этиш, ижодий фикрлашни ривожлантириш, ноёб ғояларни ишлаб чиқиш ва янги ташаббусларни илгари суришга ёрдам беради.
Танлов якуни бўйича 3 та жамоа ғолиб деб топилди. Булар “Eclipsar”, “Yggdrosil” ва “Triplesaj”, шунингдек, қўшимча номинацияларда яна 3 та жамоа тақдирланди. “Galaxy elite”, “Wtwins” ва “Futurista”.
Қайд этиш лозим, “NASA Space Apps Challenge 2025” танловида ҳар йили дунёнинг 160 дан ортиқ давлатларидан 180 мингдан зиёд ёшлар қатнашишади. Мамлакатимиз эса мазкур ҳакатонда 4 йилдан буён муваффақиятли иштирок этиб келмоқда. Ҳозир қадар мазкур ҳакатонда иштирок этган ўзбек ёшларидан таркиб топган жамоалар жаҳоннинг ТОП-50 энг яхши жамоалари қаторига кирган.
Бир сўз билан айтганда, мазкур халқаро ҳакатоннинг асосий мақсади иқтидорли ва ташаббускор ўғил – қизларни саралаб олиш, уларни қўллаб – қувватлаш, глобал мавзуларга нисбатан тўғри ва кенг фикрлашларига имкон яратиш, жаҳон майдонига ўзбек ёшларининг янги лойиҳаларини олиб чиқишдан иборатдир.
“Ўзбеккосмос” агентлиги Ахборот хизмати.









