Ўзбекистон МДҲ Давлатлараро космик кенгаши раислигини Беларусга топширди!
2025-09-29 11:45:00 / Янгиликлар

Жорий йилнинг 24-25 сентябрь кунлари Минскда (Беларус) “Ўзбеккосмос” агентлиги бошчилигидаги Ўзбекистон Республикаси делегацияси МДҲ иштирокчи давлатлари Космик масалалар бўйича Давлатлараро кенгашининг
6-йиғилишида иштирок этишди. Шунингдек, унда Россия Федерацияси, Беларус, Қозоғистон, Тожикистон Республикалари делегациялари ва МДҲ Ижроия қўмитасининг тегишли идора ҳамда ташкилотлари раҳбарлари ҳам қатнашишди.
Йиғилишда “Ўзбеккосмос” агентлиги вакиллари Ўзбекистон раислигида 2024-2025 йиллар давомида кенгаш томонидан тайинланган қарорларнинг бажарилиши бўйича тақдимот қилиб, агентликнинг миллий космик соҳани ривожлантиришга қаратилган қатор лойиҳалари тўғрисида маълумот беришди.
Тадбир якунида МДҲ иштирокчи давлатлари ҳамкорлигини ривожлантириш, уларнинг космик соҳадаги қўшма фаолиятини мувофиқлаштириш, шунингдек, биргаликдаги лойиҳаларни амалга оширишга қаратилган кун тартибидаги 21 та банд бўйича қарорлар қабул қилинди. МДҲ иштирокчи давлатларининг Космос бўйича давлатлараро кенгашидаги навбатдаги раислик расман Беларус Республикасига топширилди.
Бундан ташқари, Космосга оид Давлатлараро кенгашга аъзо мамлакатлар
2028 йилда Халқаро астронавтика конгрессини ўтказиш учун Самарқанд шаҳри номзодини қатъий қўллаб-қувватлашларини билдирдилар.





