Uzcosmos ва Бош прокуратура ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди!
2025-05-23 00:00:00 / Янгиликлар

Маълумки, бугунги кунда экологик барқарорликни таъминлаш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масаласи барча давлатлар олдидаги энг муҳим масалалардан бирига айланмоқда. Сабаби, мазкур йўналишдаги қонунбузилиш ҳолатлари ҳамда жиноятларнинг глобал миқёсдаги қиймати ҳар йили тахминан 200 млрд. АҚШ долларига баҳоланяпди. Бу эса экологик биохилма-хилликнинг йўқолиши, одамлар саломатлигига салбий таъсирлар, иқтисодий зарар ва иқлим ўзгаришининг тезлашишига олиб келиши билан хавфлидир.
Мамлакатимизда ҳам шахсан Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан ушбу экология масаласи давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Хусусан, атроф-муҳитни ифлослантириш, дарахт кесиш, ноқонуний ов, браконерлик, ноқонуний қазилма ишлари, ёввойи ҳайвонлар ва ўсимликларнинг ноқонуний савдоси, соҳадаги коррупсион ҳолатларга қарши курашишда муҳим вазифалар белгиланган.

Айни шу жиҳатларни инобатга олган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳамда Uzcosmos агентлиги ўртасида Республикада экологик хавфсизликни таъминлаш, ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш, назорат тадбирлари, терговга қадар текширув ва суриштирув жараёнларига аэрокосмик технологияларни жорий этиш, Давлат космик мониторинги тизими орқали шаффоф ва юқори аниқликдаги маълумотлардан фойдаланиш бўйича ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

Унга кўра, эндиликда томонлар тизимли равишда ахборот алмашинувини йўлга қўйиб, экологик хавфлар ва муаммолар даражасини аниқлаш, ҳуқуқбузарликларни фош этиш ҳамда уларнинг олдини олишда бир қатор йўналишларда биргаликда ишлашлари белгиланди. Жумладан
– яшил ҳудудларнинг қисқариши ва дарахтларнинг кесилиши ҳолатлари мониторинг қилиш;– ўрмон фонди ерларида ер участкаларининг ўзбошимчалик билан эгаллаб олиниши, ноқонуний бино ва иншоотлар қурилиш ҳолатларини аниқлаш;– ноқонуний қазиш ишлари, шу жумладан дарё ўзанлари ва сувни муҳофаза қилиш зоналарида норуда материаллари қазиб олинишини мониторинг қилиш; – дарё ўзанларини тўпланиб қолган норуда материаллардан тозалаш ва қирғоқларни мустаҳкамлаш ишлари амалга оширилаётган участкаларда лойиҳадан четга чиқиш, ноқонуний қазиб олиш ҳолатларини мониторинг қилиш;– норуда фойдали қазилма конларида ҳақиқатда қазиб олинган ҳажмни аниқлаш мақсадида аэрокосмик маркшейдерлик ишларини амалга ошириш;– мавжуд чиқиндиларни сақлаш жойларида белгиланган ҳудуддан ташқарига чиқиш ҳолатлари, ноқонуний чиқинди полигонларини мониторинг қилиш;– бошоқли дон экинларидан бўшаган (ўримдан сўнг) ер майдонларида сомонпоялари ва уларнинг қолдиқларини ёқиш (далалар ёқилиши) ҳолатларини мониторинг қилиш.
Бир сўз билан айтганда, мазкур манфаатли ҳамкорлик натижасида экологик маданият, табиатга жавобгарлик ҳисси ва ресурсларга тежамкор муносабатни янада кучайтириш ҳамда назорат самарадорлигини оширишга эришиш мумкин бўлади.

Uzcosmos агентлиги Ахборот хизмати
