Uzcosmos вакиллари БМТнинг халқаро семинарида иштирок этишди!
2025-05-16 00:00:00 / Янгиликлар

Жорий йилнинг 13–15 май кунлари Таиланднинг Патумтани шаҳридаги Осиё технологиялар институтида (AIT) “Марказий Осиёда Ерни масофадан зондлаш ва геофазовий технологиялар орқали қурғоқчилик ҳамда қишлоқ хўжалиги мониторингини ривожлантириш” мавзусида халқаро семинар бўлиб ўтди.
БМТнинг Осиё ва Тинч океани учун иқтисодий ва ижтимоий комиссияси (ESCAP) томонидан ташкил этилган тадбирда Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистондан давлат органлари мутахассислар, шунингдек, Россия Федерацияси, Хитой Халқ Республикаси, Ҳиндистон, Монголия давлатларидан халқаро экспертлар иштирок этишди.
Халқаро семинарда Uzcosmos агентлиги Илм-фан, инновациялар ва технологиялар трансфери бўлими бошлиғи Исмоил Расулов бошчилигидаги делегация ҳам қатнашди ва мамлакатдаги қишлоқ хўжалиги ерларида қурғоқчилик ва шўрланиш ҳолатларини мониторинги бўйича мавжуд муаммолар ҳамда амалга оширилаётган ишлар бўйича тақдимот ўтказди.
Семинар доирасида Марказий Осиё давлатлари учун қишлоқ хўжалиги ерларида қурғоқчиликни самарали мониторинг қилиш имкониятларини кенгайтириш бўйича янги лойиҳага расман старт берилди. Ушбу лойиҳа доирасида ҳар бир мамлакат учун “Йўл харитаси” ишлаб чиқилади, тегишли мутахассислар малакаси оширилади ва замонавий геофазовий маълумотлардан фойдаланиш имкониятлари кенгайтирилади.
Uzcosmos агентлиги ушбу ташаббус доирасида Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги ерларида қурғоқчиликни мониторинг қилиш соҳасида илмий-техник салоҳиятни мустаҳкамлаш, халқаро ҳамкорликни кучайтириш ва космик технологияларни амалиётга жорий этишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган.
Жумладан, жорий йилнинг 20 февраль куни Тошкентда Uzcosmos агентлиги БМТ ҳузуридаги Осиё ва Тинч океани иқтисодий ва ижтимоий комиссияси (ESCAP) билан ҳамкорликда “Сунъий йўлдош тасвирлари ёрдамида тупроқ шўрланишини аниқлаш” лойиҳасига старт берганини қайд этиш лозим. Бу масофавий зондлаш технологиялари, илғор геоахборот тизими ва сунъий интеллект имкониятларидан фойдаланиш орқали Ўзбекистонда озиқ-овқат хавфсизлиги, қишлоқ хўжалиги ва ер ресурсларини бошқаришнинг барқарор усулларига кўмаклашиб, маълумотларни тўплаш, таҳлил қилиш ва тарқатишни яхшилашга имкон яратади.
Лойиҳани амалга ошириш учун синов ҳудуди сифатида Жиззах вилоятининг Зарбдор ва унда туташ туманларидаги 90 та экин майдонлари танлаб олинган эди. У ерда сунъий йўлдошдан олинган суратлар орқали ерларнинг шўрланиш даражаси ўрганилиб, лаборатор текширувлар учун нусха олиниши ва чуқур текширилиши режа қилинган.
Бу орқали яқин йиллар давомида мамлакатдаги энг шўрланган ерларнинг аниқ статистикасини юритиш, қишлоқ хўжалиги учун ҳосилдор майдонларни аниқлаб бериш, фермерлар учун экин майдонларининг ҳолати бўйича тўлиқ маълумот тақдим этиш мумкин бўлади. Натижада эса қишлоқ хўжалиги ерларидан фойдаланиш борасида ресурс ва хомашёларни тўғри тақсимлаш, ерларнинг шўрланиш даражаси ва жойнинг тупроқ-иқлим шароитидан келиб чиққан ҳолда агротехник чораларни кўриш имконияти пайдо бўлади.
Uzcosmos агентлиги Ахборот хизмати.
