Uzcosmos ва Uzum ёш муҳандисларнинг креатив лойиҳаларини қўллаб - қувватламоқда!
2025-05-12 10:50:00 / Янгиликлар






Ўзбекистон ёшларининг технологиялар, муҳандислик, робототехника, инновация ва астронавтика бўлган қизиқишини янада орттириш, уларнинг бу борадаги ғоя, ташаббус ва лойиҳаларини қўллаб – қувватлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги ҳамда Uzum миллий рақамли экотизими кўмагида “Ёш муҳандис” Республика танлови ташкил этилди. Жорий йилнинг санасидан старт берилган мазкур мусобақага 12 ёшдан 20 ёшгача бўлган мактаб ўқувчилари ва талабалардан иборат жами 133 та жамоа маиший ёки ижтимоий муаммоларни ҳал қилишга ёрдам берувчи 150га яқин муҳандислик ишланмаларини тақдим этишди. Улардан энг муносиб дея саралаб олинган 28 та лойиҳа якуний босқичига етиб келди. Жорий йилнинг 10 май куни Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлигида “Ёш муҳандис” танловининг финал мусобақаси бўлиб ўтди. Унда Республика бўйлаб танлаб олинган энг кучли 28 та жамоа ғолиблик учун курашди.




Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги, Uzcosmos агентлиги, Uzum миллий рақамли экотизими ҳамда Турин политехника университети экспертларидан иборат ҳакамлар ҳайъати аъзолари ёшларнинг муҳандислик ишланмаларини баҳолашди.





Лояҳалар қуйидаги мезонлар асосида кўриб чиқилди:
1. Креатив, инновацион ёндашув
2. Лойиҳани амалиётга тадбиқ этиш
3. Лойиҳанинг илмий асослилиги
4. Лойиҳанинг ижтимоий ва экологик аҳамияти
5. Лойиҳанинг тақдимот сифати













“Ёш муҳандис” танловининг финал мусобақаси натижалари бўйича қуйидаги жамоалар ғолиблар қаторидан жой олишди:
1-ўрин: Андижон вилояти Андижон шаҳридаги “Иқро academy” хусусий мактаби 6-синф ўқувчиси Абубакр Рафуқжонов. Лойиҳа номи ўқитувчи робот;

2-ўрин: Тошкент вилояти Паркент туманидаги 11-умумтаълим мактаби ўқувчиси Исломжон Толахўжаев. Лойиҳа номи ёнғинга қарши робот.

3-ўрин: Тошкент шаҳридаги “Сеҳриё” хусусий мактаби ўқувчилари Алексей Кремер ва Сафия ганиева. Лойиҳа номи BioAI – сунъий интеллеcт ёрдамида соғлиқни мухофаза қилувчи ёрдамчи.

Асосий соврин, мусобақанинг гран-при соҳиблари, "Энг креатив лойиҳа" номинациясига Тошкент шаҳридаги 307-мактаб ўқувчиси Жавдат Худанов ва “Миллат умиди” хусусий мактаби ўқувчиси Самандар Худановларнинг “Smart house” лойиҳаси ҳамда Тошкент шаҳридаги “Сеҳриё” хусусий мактаби ўқувчиси Амир Саиповнинг “Orbit clear” - Орбитани космик чиқиндилардан тозаловчи сунъий йўлдош ишланмаси муносиб кўрилди. Улар Европадаги энг йирик ва жаҳонда ТОП-5га кирувчи Guhem халқаро космик марказига саёҳат учун йўлланмани ютиб олишди.


Uzcosmos агентлиги Ахборот хизмати.
