Uzcosmos ва “Ўзагроинспексия” ўртасида ҳамкорлик битими имзоланди!
2025-05-07 00:00:00 / Янгиликлар

Маълумки, қишлоқ хўжалиги мамлакатнинг асосий иқтисодий тармоғи ҳисобланади. У ЯИМнинг қарийб 30 фоизини эгаллайди, жами аҳолининг 30 фоиздан ортиғини иш билан таъминлайди, қашшоқликни камайтиришга ҳисса қўшади. Бугунги кунга қадар қишлоқ хўжалигида 20 миллион гектардан ортиқ ер, жумладан, 3,2 миллион гектар суғориладиган экин майдонларида аҳоли эҳтиёжлари учун озиқ-овқат маҳсулотлари, иқтисодиёт тармоқлари учун зарур хомашё етиштирилмоқда.
Мазкур соҳанинг барқарорлигини таъминлаш, ҳар қарич ердан унумли фойдаланишни замонавий ахборот дастурлари ҳамда космик технологиялар ёрдамида назорат қилиш эса бу борадаги энг муҳим вазифалардан бири ҳисобланади. Айни шу мақсадда Космик тадқиқотлар ва технологиялар агентлиги Uzcosmos ҳамда Агросаноат мажмуаси устидан назорат қилиш инспекцияси “Ўзагроинспексия” ўртасида ўзаро ҳамкорлик битими имзоланди.
Унга кўра томонлар қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлардан фойдаланишнинг жорий ҳолатини доимий кузатиб бориш, пахта, буғдой ва бошқа экин турларини сунъий интеллект имкониятларидан фойдаланган ҳолда мониторинг қилиш ҳамда ҳақиқатдан экилган экин майдонларини аниқлаш каби қатор йўналишларда биргаликда ишлашлари белгиланди.
Қайд этиш лозим, Uzcosmos бир неча йиллардан буён Давлат космик мониторинги тизими орқали қишлоқ хўжалиги тармоғида самарадорликни оширишга ҳисса қўшиб келмоқда. Хусусан, ҳозирга қадар агентлик сунъий йўлдошлардан олинган суратларни қайта ишлаш натижасида Фарғона, Андижон, Наманган, Тошкент, Жиззах, Самарқанд, Сурхондарё, Қашқадарё вилоятларида 967 минг гектар буғдой ҳамда 597 минг гектар пахта униб чиққан майдонлар аниқланган.
Қолаверса, унумдор ерларидан самарали фойдаланишни назорат қилиш мақсадида юқоридаги 8 та вилоят кесимида 56 минг 521 гектар фойдаланилмай ётган экин майдонлари мавжуд эканлиги қайд этилган. Аҳамиятлиси, мониторинг давомида 8 та вилоят кесимида жами 86 минг 107 гектар захира ерларидан фойдаланиш билан боғлиқ 27 минг 266 та ҳолат ҳам аниқланган.
Uzcosmos ва “Ўзагроинспексия” ўртасида имзоланган ҳамкорлик меморандуми қишлоқ хўжалиги ерларининг ҳолатини масофадан туриб мониторинг қилиш, уларнинг унумдорлигини баҳолаш, экин майдонларини аниқлик билан кузатиш, ноқонуний ва ўзбошимчалик билан эгалланган ер майдонларини аниқлаш ва бу орқали қишлоқ хўжалиги соҳасида ресурслардан оқилона фойдаланиш, ҳосилдорликни ошириш, ерларни назорат қилиш ва бошқаришнинг шаффоф механизмларини яратишда муҳим аҳамият касб этади.
Uzcosmos агентлиги Ахборот хизмати






