Uzcosmos "CanSat Uzbekistan-2025" мусобақасининг финал босқичини ўтказди!
2025-05-05 09:05:00 / Янгиликлар

Ёшлар ўртасида космик технологиялар, астронавтика ва муҳандисликка бўлган қизиқишни янада орттириш, уларнинг бу борадаги ғоя, ташаббус ҳамда ихтироларини қўллаб – қувватлаш мақсадида Uzcosmos агентлиги, Бирлашган миллатлар ташкилотининг озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО) ва "Сеҳриё" мактаби билан ҳамкорликда "CanSat Uzbekistan-2025" мусобақасининг финал босқичини Тошкент вилояти Ўрта Чирчиқ туманида жойлашган “Янги ҳаёт” очиқ учиш аэродромида ўтказди.
Uzcosmos агентлиги ташаббуси билан ташкил этилаётган мазкур лойиҳа “STEM” таълим йўналишида кадрлар тайёрлашнинг интерактив усулларидан бири бўлиб, ёшларнинг илмий ва ижодий қобилиятларини янада ривожлантириш, уларни аэрокосмик соҳага жалб қилиш, бу орқали янги авлод космик муҳандисларини етиштиришда муҳим аҳамиятга эга.
Қайд этиш лозимки, "CanSat Uzbekistan-2025" мусобақасининг финал босқичида “Муҳаммад ал – Хоразмий номидаги Тошкент Ахборот технологиялари” университети, “Тошкент Давлат транспорт” университети, “Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари” институти, “Янги Ўзбекистон” университети, “Мирзо Улуғбек номидаги Миллий университет", “Сеҳриё” ва “Ал-Беруний school” мактабларидан жамоалар қатнашишди.
Мусобақа якунида олий таълим муассасалари ўртасида 3-ўринни Тошкент давлат транспорт университети ва Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети жамоалари эгаллашди. 2-ўрин Муҳаммад ал – Хоразмий номидаги Тошкент Ахборот технологиялари университети талабаларига насиб этди. 1-ўринга эса “Янги Ўзбекистон” университети лойиқ кўрилди. Шу каби мактаблар ўртасида 2-ўрин “Ал-Беруний” мактабига, 1-ўрин “Сеҳриё” мактабига берилди.
Маълумот учун: “CанСат” бу кичик консерва идиши ҳажмидаги мини сунъий йўлдош бўлиб, илк бор бу лойиҳа 1990 йили АҚШда, “НАСА” ва Америка университетлари ҳамкорлигида ташкил этилиб, ёшларнинг космик миссияларда иштирок этиш кўникмасини оширишга қаратилган. Бугунга келиб эса “CanSat” учириш мусобақалари Россия, Хитой, Англия, Франция, АҚШ, Япония, Ҳиндистон, Туркия, Озарбайжон каби кўплаб давлатларда мунтазам ўтказилмоқда ва миллионлаб ўғил – қизларни қамраб олмоқда. Uzcosmos агентлиги ташаббуси билан эса Ўзбекистон ҳам мазкур мамлакатлар қаторига қўшилди.
Uzcosmos агентлиги Ахборот хизмати









