Uzcosmos вакиллари АҚШда манфаатли келишувларга эришишди!
2025-04-17 00:00:00 / Янгиликлар

Ўзбекистон иқтисодиётини янада ривожлантиришда космик технологиялардан фойдаланиш ва бу борада илғор хорижий тажрибани ўрганиш мақсадида Uzcosmos делегацияси АҚШнинг бир неча ҳудудларида бўлиб, халқаро “Space Symposium” конференциясида иштирок этишди.
Хусусан, уларнинг дастлабки манзили Калифорния штати бўлди. У ерда қишлоқ хўжалиги экин ерларидан самарали фойдаланиш борасида сунъий йўлдош маълумотлари асосида сув истеъмоли ҳажмини аниқлаш тажрибаси ўрганилди. Яъни Мадера Ерости сувлари барқарорлиги агентлиги, 108-сонли мелиорация ва Окдейл ирригация округларига ташриф буюрилиб, “Davids Engineering” ва “Land IQ” компаниялари билан учрашувлар ўтказилди. Таъкидланганидек, АҚШда фермерлар томонидан ер ости сувларининг ортиқча ишлатилишининг олдини олиш мақсадида уларга сув истеъмоли бўйича чекловлар жорий этилган ва жарималар белгиланган.
Шунингдек, ташриф доирасида Uzcosmos вакиллари 1969-йилдан буён геоахборот тизимлари учун дунёдаги энг кучли дастурий таъминот яратувчиси ҳисобланган, глобал етакчи “Esri” компаниясининг бош қароргоҳига ҳам ташриф буюришди. Музокаралар давомида ҳамкорликнинг янги босқичлари муҳокама этилиб, ўзаро тажриба алмашиш ва мунтазам тренинглар ўтказиш бўйича таклифлар кўриб чиқилди. Қолаверса, Ўзбекистонда “Esri” офиси ёки технологик марказини очиш, “IT Park Uzbekistan” резиденти сифатида минтақавий бўлинма ташкил этиш ғоялари илгари сурилди. Аҳамиятлиси, “Esri” вакиллари космик мониторинг йўналишида Uzcosmos олиб бораётган лойиҳаларни юқори баҳолашди.
АҚШ сафарининг энг муҳим учрашувларидан яна бири бугунги космик бозор лидерларидан ҳисобланган “SpaceX” компаниясининг Лос-Анжелесдаги офисига ташриф бўлди. Учрашувда ўзбекистонлик ёш муҳандислар томонидан Кюсю технология институтида (Япония) ўқиш давомида йиғилиши режалаштирилган илмий технологик сунъий йўлдошни “SpaceX” компаниясининг ракетаcида учириш масаласи муҳокама қилинди.
Шу билан бирга, Ўзбекистоннинг “Космик тадқиқотлар ва технологиялар – 2035” стратегияси бўйича фикр алмашилиб, “SpaceX” компанияси вакиллари ҳужжатнинг дастлабки лойиҳаси тайёр бўлгач, уни кўриб чиқиб, янада такомиллаштириш бўйича фикр ва мулоҳазаларини тақдим этишга тайёр эканликларини билдиришди. Бундан ташқари, делегация аъзолари “SpaceX” компаниясининг “Falcon 9” ташувчи ракетаcини ишлаб чиқариш жараёнлари ва қувватлари билан яқиндан танишишди.
Қолаверса, Uzcosmos вакиллари АҚШнинг Колорадо-Спрингс шаҳри мезбонлик қилган “Space Symposium” халқаро конференциясида иштирок этишди. Унда 40 дан ортиқ мамлакатлардан 10 мингдан зиëд қатнашчилар йиғилишди. Аҳамиятлиси, мазкур ўзаро мулоқот платформаси орқали турли мамлакатларнинг космик технологиялар соҳасида фаолият юритувчи компаниялари билан кенг қамровли музокаралар ўтказилди. Хусусан, космик саноат маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи компаниялар билан қувватларининг бир қисмини Ўзбекистонга кўчириш масалалари бўйича дастлабки фикрлар алмашилди. Шунингдек, Uzcosmos агентлиги мутахассислари томонидан ишлаб чиқилаётган, сунъий йўлдошларни ҳаракатлантирувчи тизимларни (satellite propulsion system) лойиҳалаш, ишлаб чиқиш, синовдан ўтказиш ва тижоратлаштириш бўйича мавжуд ёндашувлар, технологиялар ва ҳамкорлик имкониятлари муҳокама қилинди.
“Space Symposium” халқаро конференцияси доирасида Uzcosmos вакиллари бир қатор самарали учрашувларни ўтказиб, манфаатли келишувларга ҳам эришишди.
Хусусан, Uzcosmos агентлиги ва Корея Аэрокосмик Администрацияси (KASA) ўртасида англашув меморандуми имзоланди. Унга кўра, ўзаро ҳамкорликни космик таълим, фанлар ва тадқиқотлар, космик технологияларнинг қўлланилиши, сунъий йўлдошлар ишлаб чиқиш, ер усти космик инфратузилмасини яратиш ва ривожлантириш каби йўналишларда олиб бориш белгиланди.
Қолаверса, Ўзбекистоннинг “Космик тадқиқотлар ва технологиялар – 2035” стратегиясини амалга оширишда Франциянинг “Novaspace” консалтинг компанияси билан консультациявий ҳамкорлик қилиш бўйича ҳам икки томонлама келишувга эришилди.
Бунда асосий эътибор стратегия доирасида белгиланаётган устувор йўналишлар, методологик ёндашувлар ва халқаро амалиётларни ўрганиш, ривожланаётган давлатлар космик экотизими, космик соҳадаги эркин иқтисодий зоналарнинг (ЭИЗ) илғор тажрибаси билан танишиш, технологик инвестицияларни жалб қилиш моделлари, ташқи бозорларга чиқиш, халқаро ҳамкорликни ривожлантириш масалаларига қаратилмоқда.
Халқаро Астронавтика Федерацияси ижрочи директори билан “IAC 2028”ни Ўзбекистонга олиб келиш бўйича маслаҳатлашувлар ўтказилди. Қайд этиш лозимки, мазкур глобал форумда ҳар йили 100дан ортиқ давлатлардан космик агентликлар ва халқаро ташкилотлар, илмий-таълим марказлари раҳбарлари, жаҳон космик ҳамжамияти вакилларидан иборат 10 мингдан ортиқ иштирокчиларни бир майдонга жамлайди.
Бир сўз билан айтганда, Uzcosmos вакилларининг АҚШга бўлган сафари меҳнасул ва ёрқин воқеаларга бой бўлди. Албатта, бу каби ҳамкорлик алоқалари аввало мамлакатдаги космик тадқиқотлар ва технологиялар бозорини яна ривожлантириш, янги лойиҳа ва дастурларни ишга туширишда муҳим аҳамият касб этади.
Uzcosmos агентлиги Ахборот хизмати









