Инсониятнинг коинотга илк қадам қўйганига 64 йил тўлди!
2025-04-10 00:00:00 / Янгиликлар

Ҳар йили апрель ойининг иккинчи ўн кунлигида дунё цивилизацияси тарихидаги энг муҳим воқеалардан бири, инсоният томонидан космосни ўзлаштириш эрасининг бошланиши ва XX асрнинг кашфиёти дея таърифланувчи “Халқаро космонавтика куни” кенг нишонланади. Яъни, 1961 йил 12 апрель санасида сайёрамизнинг биринчи космонавти, афсонавий ҳарбий учувчи Юрий Алексеевич Гагарин илк бора “Восток” номли космик кемада Қозоғистон ҳудудида жойлашган “Бойқўнғир” космодромидан 108 дақиқа давом этган ер шари атрофидаги орбитал парвозини амалга оширган.Мазкур тарихий воқеа космик тадқиқотлар соҳасида катта имкониятларни очиб берди. 1962 йилдан бошлаб бу сана космонавтика куни сифатида кенг нишонланадиган бўлди. Аҳамиятлиси, 2011 йилнинг 7 апрелидаги БМТ резолюцияси орқали эса ташкилот Бош ассамблеяси 12 апрелни халқаро космонавтика байрами сифатида нишонлаш ҳақидаги қарорни қабул қилди.Қолаверса, олимлар айни шу санани фазони ўзлаштириш бўйича АҚШнинг Space Shuttle шатллар парвози лойиҳаси ҳам амалга ошгани билан боғлашади. Таъкидланишича, Жон Кеннеди номли космик парвозлар марказидан старт олган космик кема икки кун ва олти соатдан сал кўп вақт мобайнида очиқ фазода учган ва яна Эдвардс ҳарбий базасига қайтиб келиб қўнган. Шу воқеалар сабаб жаҳон майдонида космик тадқиқотлар жадал суръатлар билан ривожланиб борди ва космонавтика – фан ва амалий фаолият соҳаларининг ўзига хос синтезига айланди. Яъни, космик тадқиқотлар коинот, ер, сайёраларнинг келиб чиқиши каби билимларни ривожлантириш учун улкан назарий ва экспериментал маълумотлар берди.Космос - тиббиёт, биология, материалшунослик, сайёралар атмосфераси ва қаъри кимёси, астрогеология ва бошқа кўплаб илмий фанлар мажмуаси яратилишига сабаб бўлди. Космик тадқиқотлар асосида бир қатор илмий ва амалий соҳалар ва технологиялар шаклланди. Масалан, ерни масофадан туриб зондлаш ва сунъий йўлдош навигацияси, дунё ахборот ресурсларига уланиш, рақамли эшиттириш, алоқа, кузатув хизматларининг жадаллашиши, сунъий йўлдош мобил телефонияси, интернет ва маълумотларни онлайн узатиш имкониятлари яратилди.Халқаро космонавтика куни мамлакатимизда ҳам ҳар йили кенг нишонланади. Сабаби, Ўзбекистон учун бу соҳа бегона эмас. Хусусан, Қозоғистондаги “Бойқўнғир” космодроми қурилишида ўзбеклар фаол иштирок этишган. У эрга бизнинг алоқачиларимиз, қурувчиларимиз ва бошқа мутахассисларимиз юборилган.
ВЛАДИМИР АЛЕКСАНДРОВИЧ ДЖАНИБЕКОВ
Қайд этиш лозим, фазони тадқиқ этишда Ўзбекистон космонавтларининг ҳам иштироки салмоқли бўлган. Ўзбекистонда туғилган совет космонавти, авиатсия генерал-маёри, Совет иттифоқининг икки карра қаҳрамони ва кема командири сифатида 5 маротаба космик парвозни амалга оширган энг тажрибали учувчи – космонавт Владимир Александрович Джанибеков бизнинг ватандошимиздир. У коинотда 145 кун 15 соат-у 58 дақиқани муваффақиятли ўтказган. Хаттоки, Джанибеков номи билан 3170-сонли кичик сайёра ҳам номланган.
СОЛИЖОН ШОКИРОВИЧ ШАРИПОВ
Шу билан бирга, Россия Федератсияси ва Қирғизистон Қаҳрамони, Ўзбекистон Республикасининг “Буюк хизматлари учун” ва “Амир Темур” орденлари совриндори, дунёнинг 372-, Россиянинг 88- ва биринчи ўзбек космонавти Солижон Шокирович Шариповни ҳам айтиб ўтиш лозим. У 1998-йилда СпаcеШуттлеИндевор космик кема командири сифатида илк парвозни амалга оширган ва умумий ҳисобда 10 соат давомида очиқ коинотда бўлган.
ЎЗБЕКИСТОНДАГИ КОСМИК САНОАТГА ХИЗМАТ ҚИЛГАН ЗАВОД ВА ТАШКИЛОТЛАР
Улардан бири ТАПОиЧ номи остидаги Тошкент авиатсия ишлаб чиқариш бирлашмаси эди. 1977-йилдан 1987-йилгача заводда космонавтларни вазнсизлик шароитида синаб кўриш учун бир нечта ИЛ-76 МДК лаборатория самолётлари қурилган. Ушбу самолётларда юздан ортиқ совет, рус ва хорижий космонавтлар тайёрланган. Заводга кўплаб астронавтлар ташриф буюришган, улар самолётларни лойиҳалаш ва қуриш бўйича маслаҳат беришган.
ТОШКЕНТ МАШИНАСОЗЛИК КОНСТРУКТОРЛИК БЮРОСИ
1978-йилда Москва бош машинасозлик конструкторлик бюросининг Тошкентдаги филиали ҳам расман очилган. Бюро Ой ва Венерани тадқиқ қилиш, космик маҳсулот ларни (шу жумладан диаметри 30 метргача бўлган антенналарни) ишлаб чиқиш, тайёрлаш, синовдан ўтказиш, тўлиқ ўлчамли стандарт намуналарни йиғиш ва синовдан ўтказиш учун асбоблар ва жиҳозларни ишлаб чиқиш билан шуғулланган.
“КОМПОЗИТ” ТАЖРИБА-СИНОВ ЗАВОДИ
1981-йилда Чирчиқда ТошКБМ филиали – «Композит» тажриба-синов заводи ташкил этилган. У композит материаллардан космик тузилмалар учун ноёб қисмлар ва конструксияларни ишлаб чиқарар эди. Завод композитсион шишапластик ва углепластик ҳамда улардан тайёрланган маҳсулотлар тайёрлаган. Енгил, аммо пўлат каби кучли материаллардан аэрокосмик, ҳарбий ва автомобил саноатида кенг қўлланилган.
ТОШКЕНТ КОСМИК АСБОБСОЗЛИК ИЛМИЙ-ТАДҚИҚОТ ИНСТИТУТИ
1988 йилда Москва космик марказларидан бирининг филиали сифатида Тошкент космик асбобсозлик илмий-тадқиқот институти (ТашНИИКП) иш бошлаган. Олийгоҳ ҳарбий коинот йўналишлари билан шуғулланган. Қолаверса, табиий ресурсларни аниқлаш ҳамда хўжалик ва экологик фаолиятни таҳлил қилиш, қишлоқ хўжалиги экинлари ҳолатини ўрганиш мақсадида Ўзбекистон ҳудудининг сунъий йўлдош тасвирларини қайта ишлаш билан ҳам шуғулланган. Соҳа ривожи учун муҳим ҳисобланган яна билан объект эса бу “Невич” йиғилиш-синов мажмуаси бўлган. 1980 йилларнинг бошларида Тошкент вилоятининг Паркент туманида ТашКБМнинг «Невич» йиғилиш-синов полигони қурилган. У ерда кўп сонли стендлар ва механик корпуслар, радиотелеметрик ва бошқа ўлчаш ускуналари, йиғиш цехлари ва устахоналари бўлган ноёб экспериментал иншоотлар яратилган ва синовдан ўтказилган.
“СУФФА” РАСАДХОНАСИ ВА РАДИОТЕЛЕСКОПИ
1982 йилда Ўзбекистонда, Жиззах вилояти Зомин туманидаги Суффа платосида радиоастрономия расадхонаси қурилиши бошланган. Унинг асосий объекти 70 метрли радиотелескоп бўлиб, у миллиметр диапазонидаги космик нурланишни ҳам аниқлай оладиган ноёб ускунадир. Шунга ўхшаш восита фақат Сан-Диегода (АҚШ) мавжуд бўлган.
“СУФФА” РАДИОРАСАДХОНАСИ
Расадхона коинотда илмий тадқиқотлар олиб бориш ва бу борадаги халқаро дастурларда ҳамкорлик қилиш учун қурилган. СССР парчаланиши туфайли қурилиш музлатиб қўйилган, аммо 2018 йилда у қайта тикланган ва 2024 йилгача якунланиши режалаштирилган.
“ФИЗИКА-ҚУЁШ” ИИЧБ
Тошкент вилояти Паркент туманида жойлашган Фанлар академиясининг «Физика-Қуёш» ИИЧБни ҳам алоҳида таъкидлаш жоиз. Улкан қуёш печида советларнинг кўп фойдаланиладиган «Буран» орбитал кемасининг ҳимоя қопламасига юқори ҳароратга таъсир кўрсатилган.
“ЎЗБЕККОСМОС” АГЕНТЛИГИНИНГ ҚАЙТА ТАШКИЛ ЭТИЛИШИ
Ўзбекистон мустақиллигининг дастлабки йилларида “Ўзбеккосмос” номи остида космик тадқиқотлар билан шуғулланувчи ташкилот ташкил этилган. Аммо 2002 йилга келиб мазкур агентлик тугатилган.Давлатимиз раҳбарининг ташаббуслари билан Ўзбекистон иқтисодиётнинг турли соҳаларида инновацион космик технологиялардан фойдаланиш орқали мавжуд илмий-техник салоҳиятни самарали амалга ошириш мақсадида 2019 йилнинг 30 август куни “Ўзбекистон Республикасида космик фаолиятни ривожлантириш тўғрисида” ги Фармони имзоланди ва унга мувофиқ Космик тадқиқотлар ва технологиялар агентлиги ташкил этилди.Сабаби, бугун ҳаётимизни замонавий технологияларсиз тасаввур этиб бўлмайди. Дунё рақамлашар экан, кўрсатилаётган хизматлар ҳам энг сўнгги ечимларни талаб этмоқда. Янги авлод гаджетлари, сунъий интеллект ва дижитал навигациялар тараққий этгани сари, фазодан фойдаланиш эҳтиёжи янада ортиб бормоқда. Ақлли шаҳар, ақлли уй, роботлашган дастурлар каби уникал концепциялар, мазкур йўналиш инсоният келажаги учун муҳим эканлигини кўрсатади. Хусусан, бугунга келиб жаҳон бозорида космик соҳанинг иқтисодий улуши 500 млрд. Доллардан ошиб таҳлилчилар бу рақам 2030 йилга бориб 1 трлн. долларга, 2035 йилда эса 2 трлн. долларгача етиши мумкин дея тахмин қилишяпти.Бу асосан хусусий тармоқлар орқали тижорий кўринишда давлатлар иқтисодиётининг асосий ўсиш нуқтаси сифатида хизмат қилмоқда. АҚШ, Хитой, Россия, Ҳиндистон, Буюк Британия каби мамлакатлар, шунингдек Европа Иттифоқи бу борада ўзларининг янги лойиҳалари билан иштирок этишмоқда. Хаттоки, алоқа ва интернет учун сунъий йўлдошлар учириш, космос ва сайёраларни ўрганиш, космик туризмни йўлга қўйиш борасида ҳам хусусий тармоқдаги компаниялар жуда фаол ишларни олиб бормоқда. Мана масалан айни вақтда ер орбитасида тахминан 13 мингга яқин сунъий йўлдошлар мавжуд бўлса, шулардан 5 мингдан ортиғи тижорий космик компанияларнинг ҳиссасига тўғри келади. Космос иқтисодиётнинг барча сохаларида таъсири ортиб бормоқда.“Ўзбеккосмос” агентлиги айни шу тенденциялардан келиб чиққан ҳолда космосдан ерни масофадан зондлаш маълумотларини қўллаган ҳолда давлат органларига масалаларни ҳал этиш самарадорлигини ошириш, космик тадқиқотлар ва технологиялар соҳасида халқаро ҳамкорликни амалга ошириш каби кўплаб йўналишда ишларни олиб бормоқда. Хусусан, космик мониторинг ишларини амалга ошириш, замонавий технологияларни қўллаш орқали ижтимоий-иқтисодий, илм-фан, мудофаа ва хавфсизлик соҳаларида космик фаолият натижаларидан самарали фойдаланишни йўлга қўйиш мақсадида Агентлик тизимида “Космик мониторинг ва геоахборот технологиялари маркази” ташкил этилди. Бугунги кунда агентлик томонидан Қишлоқ хўжалиги, Сув хўжалиги, Ер муносабатлари (Кадастр), Ўрмон хўжалиги, Экология ва Геология соҳаларида Давлат космик мониторингини амалга ошириб келмоқда. Бунинг натижасида 2024 йилнинг ўзида Республика бўйича 100 мингдан ортиқ эҳтимоли юқори бўлган қонунбузилиш ҳолатларни аниқлади.
Албатта, халқаро ҳамкорлик ҳам бу борада муҳим аҳамиятга эга. Бугунги кунда “Ўзбеккосмос” агентлиги дунёнинг етакчи космик агентликлари ва компаниялари билан тажриба, илғор технологиялар ва билим алмашиш йўлида ҳамкорлик қилиб келмоқда. Жумладан, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Космосдан тинч мақсадларда фойдаланиш қўмитаси, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Осиё ва Тинч океани учун Иқтисодий ва Ижтимоий Комиссияси Ҳукуматлараро Маслаҳат қўмитасининг Барқарор ривожланиш учун космик технологиялардан фойдаланиш бўйича минтақавий дастури, Халқаро астронавтика федерацияси, Туркий давлатлар ташкилоти, ва МДҲ Давлатлараро космик кенгаши.Қолаверса, “Ўзбеккосмос” агентлиги Airbus (Франция), Maxar (АҚШ), SpaceX (АҚШ), OneWeb (Буюк Британия), SSI Monaco (Монако), Synspective (Япония), Esri (АҚШ), BlackSky (АҚШ), SpaceBuzz (АҚШ) ва бошқалар каби дунёдаги етакчи космик компаниялар билан ҳамда Озарбайжон (Азерcосмос), Туркия (ТУА), Бирлашган Араб Амирликлари (БАА космик агентлиги), Қозоғистон (Аэрокосмик қўмита), Франция (CНЕС), АҚШ (НАСА), Покистон (СУПАРCО) Хитой (CНСА), Исроил (ИСА), Малайзия (МЙСА), Таиланд (НСТДА), Япония (ЖАХА), Корея (КАРИ) каби давлатларнинг космик агентликлари билан икки томонлама ҳамкорлик қилиб келмоқда.Бир сўз билан айтганда, чексиз космосдан фойдаланиш инсоният ҳаётининг янада ривожланиши, янгидан – янги технологияларнинг жорий этилиши ва мавжуд муаммолар учун ечим бўлиши мумкин.Яна бир бора 12 апрель “Халқаро космонавтика куни” муносабати билан барча авиация мутахассисларини, космик тадқиқотлар соҳасидаги изланувчиларни, конструктор, муҳандис ва фазогир-учувчиларни муборакбод этамиз. Коинотни ўрганиш ва ўзлаштиришдек мураккаб ишда муваффақиятлар тилаймиз!
