Uzcosmos Жиззах вилоятининг қишлоқ хўжалиги ерларини сунъий йўлдош орқали мониторинг қилади!
2025-04-04 00:00:00 / Янгиликлар

Мамлакатимиз иқтисодиётнинг турли соҳалари ривожи учун илғор космик технологияларни қўллаб келаётган Uzcosmos агентлиги бир неча йиллардан буён ерни масофадан зондлаш дастури орқали уникал бўлган “Давлат космик мониторинг” тизимида фаолият олиб бормоқда. Унга кўра, қишлоқ хўжалиги, сув хўжалиги, ер муносабатлари (Кадастр), ўрмон хўжалиги, экология ва геология йўналишларида сунъий йўлдошлардан олинган космик суратларни қайта ишлаш орқали юқори аниқликдаги маълумотлар тармоқларга тақдим этилаяпди. Бу борада эса агентлик вакиллари доимий тарза Республиканинг турли ҳокимлик ва идоралари билан учрашув ва тақдимотларни ўтказишмоқда.
Хусусан, Жиззах вилояти ҳокимлигида ўтган навбатдаги учрашувда ҳудуднинг қишлоқ хўжалиги соҳасига замонавий технологиялар, жумладан, космик мониторинг воситаларини жорий этиш масаласи муҳокама этилди. Учрашувда вилоят ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Зафар Рўзиев, Рақамли технологиялар вазирлиги ҳузуридаги Космик тадқиқотлар ва технологиялар агентлиги бошқарма бошлиғи Улуғбек Рахимов, шунингдек, Космик мониторинг ва геоахборот технологиялари маркази раҳбар ва мутахассислари иштирок этишди.
Муҳокамаларда қуйидаги йўналишлар бўйича таклифлар кўриб чиқилди:
- Қишлоқ хўжалиги ерларининг ҳолатини масофадан туриб мониторинг қилиш, уларнинг унумдорлигини баҳолаш, экин майдонларини аниқлик билан кузатиш имкониятлари;
- “Очиқ портал” платформаси орқали реал вақт режимида маълумотларни шакллантириш, таҳлил қилиш ва аниқланган муаммоларга тезкор чоралар кўриш механизмлари;
- Ноқонуний ва ўзбошимчалик билан эгалланган ер майдонларини аниқлаш бўйича сунъий йўлдош тасвирларидан фойдаланиш имкониятлари.
Таъкидланганидек, ушбу технологиялар орқали қишлоқ хўжалиги соҳасида ресурслардан оқилона фойдаланиш, ҳосилдорликни ошириш, ҳамда ерларни назорат қилиш ва бошқаришнинг шаффоф механизмларини яратиш мумкин бўлади.
Қайд этиш лозим, бу ишлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 14-октабрдаги “2024 – 2026 йилларда иқтисодиёт тармоқларида аэрокосмик технологияларни жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида” Фармони ижросини таъминлаш доирасида амалга оширилмоқда.
Учрашув якуни бўйича Жиззах вилояти ҳокимлиги ҳамда Uzcosmos агентлиги ўртасида вилоятда космик мониторинг асосида ер ресурсларидан самарали фойдаланишни ташкил этиш юзасидан ҳамкорлик бўйича келишув имзоланди.
