“CanSat” лойиҳасининг навбатдаги синов парвозлари ўтказилди!
2025-02-15 00:00:00 / Янгиликлар

250 нафар ёшлар ўзлари ясаган mini сунъий йўлдошларининг синов парвозини ўтказишди!
Ёшлар ўртасида космик технологиялар, астронавтика ва муҳандисликка бўлган қизиқишни янада орттириш, уларнинг бу борадаги ғоя, ташаббус ҳамда ихтироларини қўллаб – қувватлаш мақсадида “Ўзбеккосмос” агентлиги “UzCanSat” лойиҳасининг навбатдаги синов парвозларини Тошкент вилояти Ўрта Чирчиқ туманида жойлашган “Янги ҳаёт” очиқ учиш аэродромида амалга оширди.
Унда 250 нафарга яқин умумтаълим мактаб ўқувчилари ва олийгоҳ талабаларидан ташкил топган ёшлар жамоаси ўзлари яратган микроспутникларнинг реал парвозини дронлар ёрдамида амалга ошириб, 1000-1500 метр баландликдан ҳаво ҳарорати, баландлик ва босим назорати каби бирламчи маълумотларни қабул қилиб олиш имкониятига эга бўлишди.
“Ўзбеккосмос” агентлиги ташаббуси билан ташкил этилаётган мазкур лойиҳа “STEAM” таълим йўналишида кадрлар тайёрлашнинг интерактив усулларидан бири бўлиб, ёшларнинг илмий ва ижодий қобилиятларини янада ривожлантириш, уларни аэрокосмик соҳага жалб қилиш, бу орқали янги авлод космик муҳандисларини етиштиришда муҳим аҳамиятга эга.
Синов парвозларида Ўзбекистон Миллий университети, Тошкент ахборот технологиялари университети, Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти, Янги Ўзбекистон университети, Тошкент давлат транспорт университети ҳамда “Сеҳриё” мактабидан 250 талаба ва ўқувчилар иштирок этишди. тўпланган.
Маълумот учун:
“CanSat” бу кичик консерва идиши ҳажмидаги мини сунъий йўлдош бўлиб, илк бор бу лойиҳа 1990 йили АҚШда, “NASA” ва Америка университетлари ҳамкорлигида ташкил этилиб, ёшларнинг космик миссияларда иштирок этиш кўникмасини оширишга қаратилган. Бугунга келиб эса “CaNSAT” учириш мусобақалари Россия, Хитой, Англия, Франция, АҚШ, Япония, Ҳиндистон, Туркия, Озарбайжон каби кўплаб давлатларда мунтазам ўтказилмоқда ва миллионлаб ўғил – қизларни қамраб олмоқда. “Ўзбеккосмос” агентлиги ташаббуси билан эса Ўзбекистон ҳам мазкур мамлакатлар қаторига қўшилди.
“Ўзбеккосмос” агентлиги Ахборот хизмати









