“Ўзбеккосмос” агентлигининг 2024 йилдаги фаолияти сарҳисоби!
2025-01-08 00:00:00 / Янгиликлар

Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан 2019 йилдан буён Ўзбекистоннинг космик тадқиқотлар ва технологиялар соҳасида фаолият олиб бораётган “Ўзбеккосмос” агентлиги ўтган 2024 йилда ҳам кўплаб самарали ишларни амалга оширди.
Аэрокосмик технологияларни қўллаган ҳолда олиб борилаётган Давлат космик мониторинги тизими орқали экология, геология, қишлоқ хўжалиги, ер муносабатлари, сув хўжалиги ва ўрмон хўжалиги каби соҳалар таҳлил қилиниб, 100 мингдан ортиқ эҳтимоли юқори бўлган қонунбузилиш ҳолатларни аниқлади.
Хусусан, агентлик муассислигидаги Космик мониторинг ва геоахборот технологиялари маркази томонидан ер муносабатлари йўналишида бутун республика кесимида 96 минг 312 та қарийб 9 минг 200 гектар эҳтимоли юқори бўлган ўзбошимчалик билан қурилган бино-иншоотлар мавжудлиги аниқланган.
Шунингдек, космик суратларни қайта ишлаш натижасида геология йўналишида республика бўйича 2 минг 426 та ноқонуний карьер, қазиб олиш ишлари олиб борилаётган 2 543 гектар майдон аниқланди. Шундан 1 минг 433 таси яъни 1 442 гектари рухсатномасиз қазиш ҳолатларига, 390 таси 440,5 гектари чегара бузилиши ҳамда шартнома асосида берилган лойиҳа контуридан четга чиқиш ҳолатларига ва 603 таси 660,3 гектари дарё муҳофаза зоналарида ноқонуний қазиш ҳолатларига тўғри келмоқда.
Қолаверса, Давлат космик мониторингги доирасида экология йўналиши бўйича 12 та ҳудуднинг қарийб 721 гектар майдонида 1 минг 928 та ноқонуний чиқиндихона мавжуд эканлиги аниқланди. Улардан 123 таси яъни 255,5 гектари чиқинди сақлаш полигонлари чегарасидан ташқарига чиқиш, 1 805 таси 465,3 гектари эса ноқонуний чиқинди полигонлари сифатида қайд этилди.
Аҳамиятлиси, бу каби ноқонуний чиқинди полигонларининг ташкил этилиши аввало атроф муҳит ва экологияга катта салбий таъсир ўтказиб, тупроқ, сув ва ҳаво сифатининг бузилишига олиб келади. Қолаверса, зарарли ҳашаротлар кўпайиши, инфектсион касалликларнинг ортиши, инсонларда ўпка саратони ва нафас олиш нуқсонларининг ривожланишига сабаб бўлади.
Шунингдек, “Ўзбеккосмос” агентлиги атроф муҳит ҳамда ер унумдорлигига етказилаётган зарарларни аниқлаш ва олдини олиш мақсадида космик мониторинг орқали Сурхондарё, Тошкент, Андижон, Жиззах, Наманган, Самарқанд, Фарғона, Қашқадарёда 2024 йилнинг июнь-июль ойларида бошоқли дон экинларидан бўшаган 31 минг 483,2 гектар майдонда сомон поялари ва қолдиқлари ёниши билан боғлиқ жами 2 минг 266 та ҳолатни аниқлади.
Муҳим йўналишлардан яна бири бу қишлоқ хўжалиги ҳисобланади. 2024 йилда бу борада Фарғона, Андижон, Наманган, Тошкент, Жиззах, Самарқанд, Сурхондарё, Қашқадарё кесимида олиб борилган космик мониторингга кўра 967 минг гектар буғдой ҳамда 597 минг гектар пахта униб чиққан майдонлар қайд этилди.
Шу билан бирга унумдор ерларидан самарали фойдаланишни назорат қилиш мақсадида юқоридаги 8 та вилоят кесимида январь-октабр ойлари давомида 56 минг 521 гектар фойдаланилмай ётган экин майдонлари мавжуд эканлиги қайд этилди. Қолаверса, мониторинг давомида 8 та вилоят кесимида жами 86 минг 107 гектар захира ерларидан фойдаланиш билан боғлиқ 27 минг 266 та ҳолат ҳам аниқланди.
Шунингдек, 2024 йил давомида ўрмон хўжалиги соҳасида олиб борилган космик мониторинг таҳлиллари қуйидагича натижаларни келтирди. Хусусан, Андижон, Фарғона, Наманган, Қашқадарё, Самарқанд, Жиззах, Сирдарё ва Сурхондарёда жами 671 минг 860 гектар дарахт қоплами ҳамда вилоятларнинг ўрмон хўжалиги ерларида 391 минг қарийб 192 гектар ўрмон қоплами мавжудлиги аниқланди.
Давлат космик мониторингининг сўнгги ва энг муҳим йўналиши бу албатта сув хўжалиги ҳисобланади. 2024 йилда 35 та сув омбори кесимида сув омборларининг лойқа оқизиқлар билан тўлиб бориш динамикаси ва сув сатҳи режимини мониторинг қилиш ҳамда сувни муҳофаза қилиш зоналарида ноқонуний бино ва иншоотлар қурилиш ҳолатларини аниқлаш ишлари амалга оширилди. Унга кўра, 35 та сув омбори кесимида космик мониторинг ўтказилиб, уларнинг муҳофаза зоналарида жами 122 та 6,76 гектар эҳтимоли юқори бўлган ўзбошимчалик билан қурилган бино иншоотлар аниқланди.
“Ўзбеккосмос”нинг 2024 йил давомидаги фаолияти кўплаб ёрқин воқеалар ва ҳодисалар, янгиликлар, тарихий қарорлар ва ўзгаришларга ҳам бой бўлди. Яъни бевосита агентлик фаолиятига тааллуқли 1 та Қонун, 1та Фармон ва Ҳукуматнинг тегишли қарори қабул қилинди. Шунингдек, яна бир Қонун Сенаторлар томонидан тасдиқланди.
Хусусан, АҚШ, Буюк Британия ва Совет Иттифоқи томонидан 1967 йил 27 январда имзоланган “Космик фазо, шу жумладан Ойни ва бошқа самовий жисмларни тадқиқ қилиш ҳамда улардан фойдаланиш бўйича давлатларнинг фаолияти принтсиплари тўғрисида”ги шартномага Ўзбекистон 115чи давлат сифатида қўшилди. Бу қонуннинг қабул қилиниши мамлакатимиз учун космик фазони тадқиқ қилиш ва ундан фойдаланиш, космоснинг барча ҳудудларига эркин кириш, шунингдек, халқаро космик лойиҳаларда, ресурслар ва билимлар алмашинувида қатнашиш имкониятини очиб берди.
Муҳим ҳужжатлардан яна бири бу сенаторлар томонидан маъқулланган “Космик фаолият тўғрисида”ги Қонун бўлди. У орқали Вазирлар Маҳкамаси, Рақамли технологиялар вазирлиги ва унинг ҳузуридаги Космик тадқиқотлар ва технологиялар агентлиги ҳамда Мудофаа вазирлигининг космик фаолият соҳасидаги ваколатлари белгиланди. Иқтисодиёт тармоқларидаги қонунчилик бузилиши ҳолларини космик суратларга ишлов бериш орқали аниқлашга кўмаклашиш давлат сиёсатининг асосий йўналишларидан бири эканлиги назарда тутилди.
Шу билан бирга 2024 йилда Президентимиз ташаббуси билан “Ўзбеккосмос” агентлиги томонидан жорий этилган Давлат космик мониторинги тизимини янада ривожлантириш ва такомиллаштиришга хизмат қилувчи “2024 — 2026 йилларда иқтисодиёт тармоқларида аэрокосмик технологияларни жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги махсус Фармон ҳам имзоланди.
Бу орқали давлат космик мониторингининг устувор йўналишлари ва дастури белгиланди. Жумладан, ер участкаларининг ўзбошимчалик билан эгаллаб олиниши ва бундай ер участкаларида бино ва иншоотлар қурилиши ҳолатларини аниқлаш, ўрмон билан қопланган майдонларнинг чегараларини белгилаш ва уларнинг ҳолатини мониторинг қилиш, геология соҳасида ер қаъридан ўзбошимчалик билан фойдаланиш, фойдали қазилмалар жойлашган майдонлардан асоссиз равишда ва бошқа мақсадларда фойдаланиш ҳолатларини аниқлаш, мавжуд чиқиндиларни сақлаш жойларида белгиланган ҳудуддан ташқарига чиқиш ҳолатларини, янги пайдо бўлган ноқонуний чиқинди зоналарини аниқлаш, сув омборларининг лойқа оқизиқлар билан тўлиб боришини, сув сатҳи режимини мониторинг қилиш ва қишлоқ хўжалиги экин ерларидан самарали фойдаланилишини ўрганиш, экинларнинг турлари ҳамда сув истеъмоли ҳажмларини аниқлаш каби вазифалар юклатилди.
Қолаверса, 2024 йилда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг "Сув омборлари тўғонларининг зилзилабардошлигини доимий радиолокацион космик мониторинг қилиш тизимини жорий этиш тўғрисида"ги қарори ҳам қабул қилинди. У билан сув омборлари тўғонларининг зилзилабардошлилигини доимий радиолокацион космик мониторинг қилиш тизими жорий этиладиган бўлди. Яъни, "дамба"ларнинг силжиш ва чўкиш динамикаси “Ўзбеккосмос” агентлиги томонидан космик назоратга олинади. Амалга оширилган мониторинг натижалари “Сув омборларида сейсмологик кузатувларни амалга ошириш” электрон платформасига интеграция қилинади.
Бундан ташқари, 2024 йил давомида “Ўзбеккосмос” агентлиги вакиллари кўплаб йирик анжуман ва саммитлар, кўргазма ҳамда конгрессларда ҳам иштирок этиб, манфаатли келишувларга эришишди. Хусусан, Хитой Фанлар академияси ҳузуридаги Аэркосмик ахборот тадқиқот институти, “Геотwо” корхонаси, Япониянинг “Сйнспеcтиве”, “иСпаcе” компаниялари, “Кюшу” технология институти, Марказий Осиё Давлатлараро сув хўжалигини мувофиқлаштирувчи комиссиясининг Илмий ахборот маркази, Озарбайжон космик агентлиги ва Туркия Республикаси Саноат ва технологиялар вазирлиги каби қатор ҳамкорлар билан англашув ва келишув меморандумлари ҳамда битимлар имзоланди.
Қолаверса, энг муҳим тадбирлардан яна бири бу Тошкентда ўтган МДҲ Давлатлараро космик кенгашининг бешинчи йиғилиши бўлди. Унда Россия Федерациясининг “Роскосмос” Давлат корпорацияси вакиллари, Беларус ва Тожикистон Республикаларининг миллий фанлар академияси Аерокосмик фаолияти экспертлари, Қозоғистон Республикасининг Аерокосмик қўмитаси раҳбарияти ва Арманистон Республикасининг космик соҳадаги мутахассислари иштирок этишди.
Шу билан бирга, агентлик вакиллари Вена шаҳрида бўлиб ўтган БМТ Космик фазодан тинчлик мақсадларида фойдаланиш бўйича қўмитасининг 67-йиғилишида, Хитой Халқ Республикасининг Пекин шаҳрида, АҚШда ўтган “Эсри Developer Summit — 2024” ва “Сателлите – 2024” конференцияларида, Остона ва Анқара шаҳарларида ўтган Туркий давлатларнинг космик ташкилотлари вакилларининг йиғилишида, Италиянинг Милан шаҳрида ўтган 75–Халқаро астронавтика конгрессида, Хитойнинг Деқинг, Таиланднинг Бангкок, Индонезиянинг Жакарта шаҳарларида ўтган семинарларда ҳам иштирок этишди.
2024 йилда шунингдек “Ўзбеккосмос” агентлиги илк бора Ўзбекистонда “Бутунжаҳон космос ҳафталиги”гини ўтказди. Унинг доирасида кўплаб йирик лойиҳалар, хусусан, “Ташкент city mall” савдо – кўнгилочар марказида космос тарихига бағишланган махсус кўргазма, болажонлар учун мажмуадаги “Скй Park” томонидан турли интерактив шоу ўйинлар, танлов ва викториналар, бутун Республика бўйича умумтаълим мактаблари, академик лицей ва университетларда “Бутунжаҳон космос ҳафталиги” мавзусига бағишланган очиқ дарслар, суҳбатлар, тақдимотлар ва бошқа қатор лойиҳалар амалга оширилди.
“Ўзбеккосмос” агентлиги 2024 йил давомида космик таълим ва кадрлар малакасини ошириш йўналишида ҳам самарали ишларни амалга оширди. Жумладан, Тошкент шаҳридаги ИНҲА университетида махсус “Ўқув – лаборатория маркази” ташкил этилди. Қолаверса, “Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти” Миллий тадқиқот университети ва ПДП Университети билан космик тадқиқотлар ва технологиялар, инновациялар ва стартаплар соҳасида ҳамкорлик қилиш мақсадида ўзаро англашув меморандумлари имзоланди.
Яна бир аҳамиятли жиҳати шундаки “Ўзбеккосмос” агентлиги кўмагида 2024 йил давомида 10 нафар ёшлар “Эл-юрт умиди” жамғармаси стипендианти сифатида Буюк Британия ва АҚШдаги олийгоҳларга бакалавр ҳамда магистратура йўналишларида тахсил олиш учун юборилди.
Ёшларнинг космонавтика ва муҳандисликка бўлган қизиқишини янада ошириш мақсадида “Ўзбеккосмос” агентлиги жорий йилда 10 нафар иқтидорли мактаб ўқувчиларини Туркиянинг Бурса шаҳридаги “ГУҲЕМ” космик ва авиация марказига юборди. У ерда ёшлар 150 дан зиёд интерфаол машғулотларда иштирок этиб, симуляцион космик сунъий йўлдошлар, авиация тизимлари билан яқиндан танишишди.
Шу билан бирга, бутунжаҳон космос ҳафталиги доирасида “Ўзбеккосмос” ва “НАСА” агентликлари ҳамкорлигида “НАСА Space Apps Challenge 2024” ҳакатон тадбири ҳам ўтказилди. Унда 200 нафарга яқин ёшлар 40 дан ортиқ жамоаларга бўлинган ҳолда “НАСА” томонидан берилган долзарб 30 та мавзу бўйича ўзларининг ечим ва креатив лойиҳаларини ишлаб чиқишди. Қайд этиш лозим, “НАСА Space Apps Challenge” танловида ҳар йили дунёнинг 160 дан ортиқ давлатларидан 180 мингдан зиёд ёшлар қатнашишади.
Бундан ташқари, 2024 йилда Тошкент вилояти Ўрта Чирчиқ тумани “Янги ҳаёт” аэродромида ОТМ талабалари ҳамда мактаб ўқувчилари иштирокида “CанСат” лойиҳаси амалга оширилди. Яъни, йиғилган 120 нафар ёш ихтирочилар ўзлари ишлаб чиққан мини сунъий йўлдошларни дрон ёрдамида 200 ва 500 метр баландликкача учиришди.
Айнан ёшларнинг космос соҳасига бўлган қизиқиш ва билимларини ошириш мақсадида “Алоқа тарихи музейи”да Ўзбеккосмос агентлиги ташаббуси билан махсус экспозиция очилди.
“Ўзбеккосмос” фаолиятига тааллуқли маълумотларни агентликнинг ижтимоий тармоқдаги саҳифалари орқали олишингиз мумкин.
Telegram: t.me/uzbekkosmos_uz
Instagram: uzbekkosmos_uz
Facebook: facebook.com/uzbspace
YouTube: UzKosmos Media
"Ўзбеккосмос" агентлиги Ахборот хизмати
